Литва давлатида рус тилини ўргатиш тўхталиши мумкин, – деб хабар бермоқда “Deutsche Welle” Литва республикаси таълим вазири Гинтаутас Якштас сўзларига таяниб.

«Литва ҳукумати давлат мактабларида рус тилидан таълим тили сифатида босқичма-босқич воз кечишнинг ҳуқуқий асосларини баҳолаш ниятида», – деди мамлакатнинг таълим, фан ва спорт вазири Гинтаутас Якштас Литва миллий радиосига берган интервьюсида.

«Агар юридик нуқтаи назардан бундай рад этиш мумкин бўлса, биз ниманидир ўзгартиришни хоҳлаётганимизни тушунишимиз керак ва кейин қандай натижаларга олиб келишини ҳам аниқлаб олишимиз керак», деган вазир.

Вазирнинг фикрича, Литва бу борада қўшни Латвия ва Эстониядан ўрнак олиши керак, улар нафақат рус тилида ўқитиладиган мактаблардан воз кечиш, балки уни чет тили сифатида ўқитишни ҳам рад этишган. “Биз ЕИ тилларига эътибор қаратишимиз керак, шунда миллий озчиликларнинг таълими уларнинг тилида амалга оширилади”, – деган у радиода.

Яна унинг қўшимча қилишича, Литва бир неча ҳафта ичида рус тилидаги таълимдан воз кечиш таклифини тақдим этади. Айни пайтда мамлакатдаги умумий таълим мактаблари тизимида жами 300 мингга яқин ўқувчи таҳсил олмоқда, рус тилида таълим берадиган мактаблар улуши 15 мингга яқин ўқувчига тўғри келади.

Литва департаменти раҳбари давлат таълим муассасалари ўрнига рус тилида ўқитиладиган хусусий мактаблар ташкил этилиши ва бунинг учун давлатдан маблағ олиш ҳам мумкинлигини истисно этмаган.