Методик марафоннинг илк кунида тўрт минг нафардан ортиқ педагог иштирок этди

Аввал хабар берганимиздек, Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ташаббуси билан жорий йилнинг 4-10 январь кунлари умумий ўрта таълим ташкилотлари педагоглари учун методик марафон ўтказилмоқда.
Марафоннинг илк кунида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 4 200 нафардан ортиқ педагог иштирок этди.
Дастлаб, марказнинг Таълим соҳасида норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бошқармаси бошлиғи Меҳринисо Пардаева томонидан “Ўқувчиларда функционал саводхонликни ривожлантириш” мавзусида тақдимот қилинди.

Унда марафондан кўзланган мақсад ва вазифалар, марафонни ўтказиш тартиби, функционал саводхонлик тушунчаси, функционал саводхонликни ривожлантириш бўйича халқаро платформалар ва ресурслар ҳамда келгусидаги режалар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Шундан сўнг вебинарлар ўқиш саводхонлиги, математика, табиий фанлар йўналишларида 3 та сессияга бўлинган ҳолда давом эттирилди.
Биринчи сессияда ўқиш саводхонлиги бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 302-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Дилноза Бойназарова “Ўқувчиларнинг ўқиш саводхонлигини оширишда ёзма нутқ кўникмасини ривожлантириш” мавзусида тақдимот ўтиб берди.

Машғулот вазифалари PIRLS халқаро тадқиқоти натижалари мисолида олиб борилди. Унда бошланғич синфларда халқаро тажрибалар асосидаги PIRLS топшириқларини бажаришдаги муаммолар, коммуникатив ёндашув, грамматик саводхонлик, ўқиш саводхонлиги, XXI аср ҳаётий кўникмаларни ривожлантирувчи замонавий методлар, Венн диаграммаси, баҳолаш мезонлари, маънодош сўзлар устида ишлаш ҳамда мантиқий машқларни бажариш каби мавзулар тушунтирилди.
Иккинчи сессияда эса математика саводхонлиги бўйича марказнинг Халқаро дастурлар ва тадқиқотларда иштирок этишни таъминлаш бўлими етакчи мутахассиси Жамшид Нарзиев томонидан “Ўқувчиларнинг PISA-2022 тадқиқотида математика бўйича натижалари таҳлили” мавзусида тақдимот қилинди.
Унда PISA-2022 ва PISA-2025 тадқиқот дастурлари йўналишлари, PISA халқаро баҳолаш дастурининг асосий хусусиятлари, PISA-2022 да Ўзбекистоннинг иштироки, PISA-2022 да математика бўйича ўртача кўрсаткичлар, иштирокчиларнинг математик саводхонлик бўйича натижалари ва даражалари, ота-оналарнинг таълимдаги иштироки каби мавзуларда атрофлича маълумотлар берилди.
Учинчи сессияда табиий саводхонлик бўйича Эвристика онлайн курси асосчиларидан бири Даврон Кабилов томонидан “Ўқувчиларни келажакка қандай тайёрлаймиз?» мавзусида тақдимот қилинди.

Унда табиий-илмий саводхонликни ривожлантирувчи методлар, моддий-техник тараққиётнинг ўсиш графиги, XXI асрда талаб қилинаётган муҳим кўникмалар, боланинг ёшига кўра қизиқувчанлиги, қизиқтириш усуллари, интерактив ўйинлар ва машқлардан иборат мавзулар тушунтириб берилди.
Машғулотлар интерактив кўринишда ташкил этилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.
Таъкидлаш жоизки, методик марафонга педагоглар катта қизиқиш билдирмоқда. Хусусан, бугунги кунга қадар методик марафонда иштирок этиш учун педагоглардан 400 дан ортиқ методик ресурслар келиб тушди.
Марафонда иштирок этиш учун тақдимотлар @Metodik_marafon_bot телеграм боти орқали қабул қилинмоқда.
Энг яхши методик ресурс муаллифлари танлаб олиниб, марафон учун тренер сифатида жалб этилмоқда.
ЎзА