“Тадбиркор аёл“ халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси томонидан “Марказий Осиёда хавфсиз миграция” лойиҳаси мамлакатимизнинг Андижон, Навоий, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилган эди.
АҚШ Халқаро Тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан молиялаштириладиган ва “Winrock International” томонидан амалга оширилаётган “Марказий Осиёда хавфсиз миграция” (SMICA) лойиҳаси “Тадбиркор аёл“ халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси ва унинг Қорақалпоғистон ҳудудий бўлими бизнес-тренинглари томонидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги туман бўлимлари билан ҳамкорликда ушбу лойиҳа доирасида 2022 йил сентябрь ойидан 2023 йил сентябрь ойигача Хўжайли, Шуманай, Қўнғирот, Қонликўл, Кегейли, Бўзатов туманларида ва Нукус шаҳрида “Тадбиркорлик асослари ва хавфсиз миграция” мавзусида 3 кунлик 26 та тренинг ўтказилди. Лойиҳа доирасида бизнес-маслаҳатчилар томонидан 710 нафар иштирокчига бепул маслаҳат хизмати кўрсатилади.
Ушбу семинар иштирокчилари ўртасида ўтказилган кичик грант танловида собиқ мигрант Гулмира Узақбергенова ғолиб бўлди. Унга лойиҳа доирасида сув тозаловчи ускуна топширилиб, у эндиликда Нукус шаҳридаги “Қутли макон” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлайди.
–“Тадбиркор аёл“ халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси томонидан ташкил этилган “Ишсиз аёлларни, мигрантлар ва уларнинг оила аъзоларини тадбиркорлик кўникмаларига ўргатиш ва янги иш ўринлари яратиш орқали одам савдосининг олдини олиш” лойиҳаси доирасидаги семинарларда иштирок этишим менинг ҳаётимда катта бурилиш ясади, –дейди ёш тадбиркор Гулмира Узақбергенова. – Олдинлари оила аъзоларим билан Қозоғистон Республикасида ишлаб, қийналиб юрардик. Мусофир юртда меҳнат қилиб, нон топиш осон эмас. Мана энди ўз бизнесим бор. Бунинг билан чекланиб қолмайман. Фаолиятимни янада кенгайтириб, маҳалламда яшовчи хотин-қизлар билан ёшларни иш билан таъминламоқчиман. Бунинг учун барча шарт-шароит етарли. Маҳалла раиси, хотин-қизлар фаоли, ҳудуддаги ҳоким ёрдамчиси бизни ҳамиша қўллаб-қувватлаб келмоқда.
–Лойиҳа доирасида Оролбўйи ҳудудида 558 нафар (16 нафар одам савдоси жабрланувчиси, 197 нафар хориждан қайтган мигрант, 186 нафар мигрант оиласи аъзоси ва 159 нафар ишсиз) ёш ва хотин-қиз тадбиркорлик асосларига ўқитилди, – дейди “Тадбиркор аёл“ халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими раҳбари Назира Елибаева. – Лойиҳанинг асосий мақсади бизнес субъектларини очиш, уларга кичик грантлар ажратиш, янги иш ўринларини яратиш, шу билан одам савдосининг олдини олишга кўмаклашишдан иборат. Тренинг иштирокчилари орасидан ўз бизнесини бошлаётган қизларимизнинг чиқиши бизни, албатта, хурсанд қилади. Гулмира келажакда тикувчилик цехи, сартарошхона фаолиятини ҳам йўлга қўймоқчи.
Нукус шаҳридаги “Қутли макон” маҳалла фуқаролар йиғинида 1 минг 528 хонадонда 7 минг 625 нафар аҳоли яшамоқда. Ўтган йили ишсиз 25 нафар хотин-қизга ускуналар олиб берилди. 277 нафари имтиёзли кредит маблағи билан таъминланди. 35 нафар ёш касб-ҳунарга ўқитилди. Шундай қилиб, ҳудуддаги тадбиркорлар сафи яна бир нафарга кўпайди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари