500 га яқин мурожаатнинг салмоқли қисми ижобий ҳал этилди

Парламент қуйи палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси 2023 йилдаги фаолияти давомида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, банк-молия соҳасини либераллаштириш ва Давлат бюджети тизимини ислоҳ қилиш каби муҳим йўналишларнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратди.
Ҳисобот даврида қўмита қонун ижодкорлиги йўналишида 33 қонун лойиҳаси учун масъул бўлди. Шунингдек, қўмита томонидан иқтисодиётни эркинлаштириш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасидаги масалаларнинг ҳуқуқий асосларини яратишга қаратилган 3 та яхлит қонун устида иш олиб борилди.
Қўмита масъуллигида «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси маромига етказилди. Депутатлар томонидан 2024 йил учун солиқ тизимида энергетик ва тетиклаштирувчи ичимликларга қўйиладиган акциз солиғини ва юк кўтариш қуввати 10 тоннадан юқори бўлган юк автотранспорт воситалари ва тиркамаларининг автомобиль йўллари бўйлаб ҳаракатланиши ҳуқуқи учун табақалаштирилган йиллик йиғим миқдорини кўтариш бўйича билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар инобатга олинди.
Қўмитанинг назорат-таҳлил фаолияти доирасида 21 та давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитишга тааллуқли тадбир ўтказилди. Натижада қонун ва қонуности ҳужжатлари ўртасидаги номутаносибликлар аниқланиб, бартараф қилинди. Шунингдек, қўмита ташаббуси билан Иқтисодиёт ва молия вазири Ш.Кудбиевга “Бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг парламент сўрови юборилди.
2023 йилда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилиб, келиб тушган жами 462 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилди ва улардан салмоқли қисми ижобий ҳал этилди.
Булар ҳақда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг 2023 йилдаги фаолияти сарҳисобига бағишланган брифингда айтиб ўтилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА