“Аҳоли саломатлиги-2030” стратегияси: 980 та тиббиёт муассасасида қуриш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади

490

Мамлакатда тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати фаолиятини такомиллаштириш ўта долзарб масала бўлиб, бунда ҳар бир лаҳза бемор ҳаётини сақлаб қолишда муҳим аҳамият касб этади. Айнан тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати инсон соғлиғи ва ҳаётини сақлаб қолишда “олтин соат” оралиғида биринчи ёрдам кўрсатувчи муҳим бўғиндир.

Ўтган йиллар давомида тез тиббий ёрдам машиналарининг аксарияти эскиргани, уларда навигация жиҳозларининг йўқлиги ҳамда соҳадаги кадрлар танқислиги билан боғлиқ кўплаб муаммолар беморлар ҳаётини сақлаб қолишда, уларга бирламчи ва сифатли хизмат кўрсатишда тўсиқларга сабаб бўлиб келган.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 16 июндаги “Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, тез тиббий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш вазифалари белгилаб берилди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2022-2025 йиллар давомида эксплуатация муддатини ўтаб бўлган, маънан эскирган 2 минг 183 та “Дамас” ва бошқа автотранспорт воситаларини зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланган махсус автомобилларга босқичма-босқич алмаштириш, тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятидан чиқарилаётган 10 йилдан кўп фойдаланилмаган соз ҳолатдаги “Дамас”ларни бошқа даволаш-профилактика муассасаларига тиббий хизмат транспорти сифатида топшириш режалаштирилган эди.

Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Ғафуров соҳада амалга оширилган ишлар хусусида тўхталиб ўтди: 

– Тиббиёт ҳамиша мислсиз янгиланишларга муҳтож бўлади, – дейди Абдувоитжон Ғафуров. – Чунки соғлиқни сақлаш тизими ижтимоий соҳанинг энг муҳим йўналиши бўлиб, унинг тараққиёти жамият осойишталиги ва аҳоли турмуш даражасини юксалтирувчи энг муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Ҳар бир иссиқ жоннинг малакали тиббий хизматга эҳтиёжи бўлади. Ўтган 2023 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар филиаллари “Call-markaz”ларига 12 миллион 330 минг 509 та чақириқ келиб тушган.

Тез тиббий ёрдамга чақирув бўлганда етиб бориш вақти ўртача 25-30 дақиқадан 8-12 дақиқагача қисқарди. Энг муҳими, илгари дори етишмаслиги сабабли хижолатда қолган шифокорлар бугун барча зарур дори-дармонлар билан тўлиқ таъминланмоқда. Авваллари тез тиббий ёрдам учун ажратиладиган дорилар 20 турда бўлиб, улар ҳам кўпинча топилавермас эди. Айни чоғда дорилар рўйхати 45 турга етказилиб, уларнинг узлуксиз таъминоти кафолатланмоқда.

Республика тез тиббий ёрдам марказининг ҳудудий филиалларини мос биноларга жойлаштириш бўйича Андижон, Сурхондарё вилоят филиаллари қайта таъмирланди. Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Хоразм вилоят филиалларида маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилди. Филиал биносида қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Бугунги кунда тез тиббий ёрдам хизматида автоматлаштирилган бошқарув “103-Med-data” тизими Тошкент шаҳар тажрибасига асосан Андижон, Самарканд, Жиззах, Сурхондарё филиалларида жорий этилди. Фарғона, Бухоро, Тошкент вилоят филиалларида тест-синов режимида ишга туширилган.

Республика ҳудудлари бўйлаб тез тиббий ёрдам хизматига 1000 дона махсус автотранспорт воситаси етказиб берилиши кўзда тутилган бўлиб, “Жиззах автомобиль заводи” МЧЖ ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасидаги шартномага асосан Осиё тараққиёт банкининг имтиёзли кредитлари ҳисобидан 800 дона “Volkswagen Caddy” тез тиббий ёрдам автомашиналари етказиб берилди ва ҳудудларга эскирган автотранспорт воситалари инобатга олинган ҳолда тақсимланди. Янги русумдаги автотранспорт воситалари тоғли ва нотекис йўлларда ҳам бемалол ҳаракат қила олади.

Республика тез тиббий ёрдам маркази ва Жанубий Кореянинг Халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси ҳамкорлигида марказ ва унинг Тошкент шахар, Самарқанд вилояти филиалларида “Шифохонагача шошилинч тиббий ёрдам салоҳиятини ошириш” бўйича грант лойиҳа асосида биринчи босқичда 2,8 миллион АҚШ доллари ажратилди. Симуляцион марказларнинг ташкил этилиши ушбу йўналишда кўрсатилаётган хизмат сифатини янада яхшилашга замин яратди.

Иккинчи босқичда эса 12 миллион АҚШ доллари йўналтирилиб, вилоят филиалларида ўқув-симуляцион марказлар яратиш ҳамда ходимлар малакасини ошириш, тез тиббий ёрдам педиатрик хизматини ривожлантириш ва шу йўналишда мослаштирилган махсус автомашиналар фаолиятини йўлга қўйиш назарда тутилган.

Шуни ҳам алоҳида қайд этиш лозимки, “Аҳоли саломатлиги-2030” стратегияси лойиҳасига кўра, бугунги кун ҳолатига таъмирталаб бўлган 980 та тиббиёт муассасаларида босқичма-босқич қуриш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Бирламчи бўғиндаги барча оилавий шифокор пунктлари, поликлиника ва шифохоналар таъмирланиб, фильтрланган ичимлик суви билан тўлиқ таъминланади.

Шунингдек, тез тиббий ёрдам автомобилларининг 50 фоизи электромобиллар билан тўлдирилади. Бунда, 2024 йилдан бошлаб 2030 йилга қадар электромобилларни сотиб олиш муддатлари белгиланади.

Соҳадаги ўзгаришлар беморларга шифохонагача бўлган тез тиббий ёрдамни халқаро андозаларга мос тарзда кўрсатиш имконини бермоқда. Бу каби чора-тадбирларнинг замирида эса халқимиз розилигига эришиш мақсади мужассам.

Муҳайё Тошқораева ёзиб олди. ЎзА