Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши координатори Жон Кирбининг айтишича, Шимолий Корея етказиб бераётган ракеталарнинг бир қисми билан Россия қўшинлари Украинага ҳужум қилган, деб хабар бермоқда “Анадолу” ахборот агентлиги Ж.Кирбининг сўзларидан иқтибос келтириб.
“Бизда мавжуд бўлган маълумотларга кўра, КХДР яқинда Россияга баллистик ракеталар ва ракета учиргичлар етказиб берган. Россия кучлари ҳам 2023 йил 30 декабрда ушбу ракеталардан камида биттаси билан Украинага ҳужум қилди”, – деган Кирби.
Унинг қўшимча қилишича, Вашингтонда мавжуд бўлган маълумотларга кўра, 2 январь куни Россия томонидан Украина йўналиши бўйича ушбу ракеталар учирилган.
Жон Кирби Вашингтон вазиятни диққат билан кузатиб бораётганини айтган.
Ушбу баллистик ракеталарнинг учиш масофаси тахминан 900 кмни ташкил этиши қайд этилган. Вашингтон расмийлари Россия Федерацияси Шимолий Корея ракеталарини қўллашни кенгайтиради, деб ҳисоблашмоқда.