Юртимизда илк бор “Art Gallery” аукцион уйи фаолияти йўлга қўйилди

336

Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан 2023 йилда тасвирий ва амалий санъатни ривожлантириш, тарғиб этиш бўйча олиб борилган ишлар юзасидан брифинг бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, 2023 йилда юртимизда тасвирий ва амалий санъат соҳасини ривожлантириш борасида салмоқли ишлар бажарилди. Жумладан, Бадиий академия томонидан йил давомида “Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали”, “Toшкент-2023″ II халқаро ҳайкалтарошлик симпозиуми ҳамда IV Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси ўтказилди.

Илк бор ТУРКСОЙ ташкилотига аъзо мамлакатлар рассомларининг халқаро “Турк дунёси рассомларининг учрашуви” ижодий кўргазмаси, “Туркий халқлар нафис санъати (тасвирий санъати) академияси” ташкил этиш бўйича I халқаро йиғилиши бўлиб ўтди.

Йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири – юртимизда илк бор Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси билан ҳамкорликда “Art Gallery” аукцион уйи фаолияти йўлга қўйилди. Тошкент шаҳрида жойлашган аукцион уйи таркибида нашриёт матбаа уйи, “Аrt appraisal center” санъат асарларини баҳолаш компанияси, “Art Gallery” санъат галереяси ва санъат асарларини технологик экспертизадан ўтказувчи махсус лаборатория фаолият кўрсатмоқда. Илк бора тасвирий санъат асарлари аукциони муваффақиятли ўтказилди. Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъат асарларидан иборат 48 саҳифали “Моҳир ижодкорларнинг ижодий меросидан Ўзбекистон тасвирий санъати” номли каталоги чоп этилди.

Бадиий академиянинг Бошқарув кенгаши сайлов натижаларига кўра 9 нафар ҳақиқий аъзолар тасдиқланди. Қозоғистоннинг атоқли рассоми, “Қозоғистон Республикаси Бадиий академияси” жамоат фонди президенти Aмандос Aканаев Ўзбекистон Бадиий академиясининг фахрий хорижий аъзоси этиб тайинланди. Бугунги кунда Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзолари сони 42 нафарга, фахрий хорижий аъзолари сони 7 нафарга (АҚШ, Россия, Украина, Корея, Озарбайжон, Қозоғистон) етди. 38 нафар ходимнинг хорижий мамлакатларга хизмат сафарлари ва кўргазмалари ташкил этилди. Жанубий Корея, Ҳиндистон, Озарбайжон, Италия Қозоғистон, Эрон каби давлатлар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

«Чехия – Ўзбекистон археологик экспедициясининг 20 йиллиги” номли кўргазма, Озарбайжон Республикасининг ХХ аср атоқли сиёсат ва давлат арбоби, мустақил Озарбайжоннинг асосчиси ва буюк бунёдкори сифатида тарихга кирган Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллигига оид фотокўргазма, Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда фотокўргазма, Корея Республикаси университетининг имконияти чекланган талабалари кўргазмаси, Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш мақсадида қўшма ижодий кўргазма ташкил этилди.

2023 йилда ижодкорларимиз йирик халқаро лойиҳаларда фаол қатнашди. Шу билан бирга Қозоғистон Республикаси пойтахти Остона шаҳрида Алишер Навоийнинг, Наманган шаҳрида Усмон Носирнинг бронзадан ҳайкали ўрнатилди. Ўзбекистон халқ рассоми Муҳиддин Раҳимов таваллудининг 120 йиллиги, Ортиқ Файзуллаевнинг 90 йиллик таваллуд саналари муносиб нишонланди.

Бадиий академия ва унинг тизим ташкилотлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2023 йил давомида муҳим саналарга бағишланган ҳамда ижодкорларнинг шахсий ижодини намойиш этишга оид жами 765 та кўргазма, ижодий учрашув ва маҳорат дарслари ташкил этилди.

“Навқирон Ўзбекистон” ижодкор ёшлар республика замонавий санъат кўргазма-танлови, “Камолиддин Беҳзод издошлари”, “Ижодкор ёшлар” республика танлови муваффақиятли ўтказилди.

2023 йил давомида Бадиий таълим йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида Рассомлик маҳорат устахонаси (Олий рассомлик курси) фаолияти йўлга қўйилди ва 10 нафар стажёр-тадқиқотчи саралаб олинди. Рассомлар маҳорат устахонаси стажёр-тадқиқотчиларининг хорижга ижодий сафарлари ташкил этилди. Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтига қўшимча 600 ўринли ўқув биноси қурилди. Бадиий академия тизимидаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари ҳамда мактаб интернатлари учун 2022-2023 йилларда чоп этилган 9номдаги дастлабки ўқув адабиётлар тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур адабиётлар белгиланган тартибда тизимдаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари, мактаб-интернатларига етказилди.

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ рассоми, академик Жоллибай Изентаев номини абадийлаштириш мақсадида Қорақалпоғистон ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатига унинг номи берилди. Буларнинг барчаси миллий тасвирий ва амалий санъатимизга қаратилаётган улкан эътиборнинг амалий натижасидир.

Н.Усмонова, ЎзА