Япония ғарбидаги Исикава префектурасида содир бўлган кетма-кет зилзила қурбонлари сони қарийб 100 кишига яқинлашди.

Япония метеорология агентлиги маълумотларига кўра, 1—4-январ кунлари Исикава префектурасининг шимолий қисмини ташкил этувчи Ното ярим оролида, шунингдек, қирғоқларда 4 дан 7 баллгача бўлган қатор зилзилалар содир бўлган.

5 январь куни яриморолда навбатдаги силкинишлар рўй берди: маҳаллий вақт билан соат 00.04 да 4,4 магнитудали, 08.06 да 4 балл, 09.27 да 4,1 ва 09.39 да 4,2 магнитудали ер силкинишлари қайд этилди.

Исикава префектураси губернаторлигининг маълум қилишича, зилзилалар оқибатида 300 дан ортиқ киши жароҳатланган, уларнинг барчаси даволанмоқда.

Ҳудудда  40 дан ортиқ одам вайроналар остида қолмоқда. Префектурадаги 165 та мактаб ва бошқа муассасаларга қисман зарар етган. Ното ярим оролида давом этаётган кучли ёмғир кўчкиларни келтириб чиқариши мумкин. Одамлардан тоғ ёнбағирларидан узоқроқ туриш сўралди.

Зилзилалардан сўнг йўллар вайрон бўлди, 30 минг хонадон узлуксиз электр энергиясин, 80 минг хонадон сув тизимидан узилиб қолган. 240 дан ортиқ одам бедарак йўқолганлар рўйхатида.

Ҳукумат қарорига кўра, ҳудудга қидирув-қутқарув ишлари учун юборилган Япония ўзини-ўзи мудофаа кучлари ходимлари сони 4600 нафарга кўпайтирилди. Вертолётлар сафарбар этилган, кемалар вайроналарни тозалаш учун Важима портига оғир техника олиб бормоқда.

Aввалроқ Япония геофазовий ахборот бошқармаси Исикава префектурасининг Важима шаҳридаги кузатув пункти энг катта силжишни қайд этгани, у горизонтал равишда ғарбга қараб тахминан 1,3 метр масофада ҳаракатлангани ҳақида хабар берган эди.

Токио университетининг собиқ сейсмология профессори Хирата Наошининг айтишича, Ното ярим ороли остидаги ёриқ 150 километргача чўзилиши ва сейсмик фаоллик давом этиши мумкин.

Тинч океанининг олов ҳалқасида жойлашган Япония ўз тарихи давомида бир неча марта ҳалокатли зилзилаларни бошдан кечирган. 1995 йилдан бери Японияда 6 ёки ундан юқори магнитудали 70 га яқин зилзила содир бўлиб, ўн минглаб одамлар ҳалок бўлган.

Г.Сатторова, ЎзА