Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманида аҳолини замонавий уй-жойлар билан таъминлаш ҳамда янги ижтимоий соҳа объектларининг қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Хусусан, тумандаги “Ақтуба” овул фуқаролар йиғини ҳудудида “Янги Ўзбекистон” массиви учун 10,8 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, бу ерда 600 хонадонли 20 та замонавий кўп қаватли уй-жой қад ростламоқда.
Ўтган 2023 йил массивда қурувчилар томонидан 60 та хонадонли 3 та уй-жой қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди. Турар-жой массивини муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш мақсадида бугунги кунда қуввати 400 кВА бўлган янги замонавий трансформатор пункти ўрнатилди. Шунингдек, 16 дона темир-бетон электр устуни ўрнатиш, 10 кВ бўлган 620 метр электр тармоғи ва 0,4 кВ бўлган 60 метр СИП кабель тортиш ишлари бажарилди.
Массивда аҳоли учун зарур бўлган янги ижтимоий соҳа объектларини ишга туширишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, умумий қиймати 7 миллиард 100 миллион сўмни ташкил этадиган, 180 ўринга мўлжалланган замонавий икки қаватли мактабгача таълим ташкилотининг иморати янги йил байрами арафасида қуриб битказилди. Ҳозирда муассаса биносига мебель жиҳозларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА