“Tax Free” офиси очилди
Нукус халқаро аэропортида “Tax Free” хизмат кўрсатиш шохобчасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Жорий йил 1 январдан бошлаб чет эл фуқароларининг Ўзбекистонда чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлардан айрим турдаги товарларни сотиб олишида улар томонидан тўланадиган ҚҚС суммаларини қайтариш бўйича намуна сифатида “Tax Free” тизими жорий этилди. Шу орқали чет эл фуқаролари Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетаётганда, аэропортларда операторларга мурожаат этиш орқали ҚҚС суммасини қайтариб олиши мумкин.
Янги боғча иш бошлади
Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида янги боғча қурилиши якунланди. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 30 декабрдаги “2023 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан Оролбўйида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, “Янги Ўзбекистон” массивида замонавий кўп қаватли уй-жойлар ҳамда ижтимоий соҳа объектлари қуриб фойдаланишга топширилмоқда. Қонликўл туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида янги боғчанинг фойдаланишга топширилиши болажонларга байрам туҳфаси бўлди.
Хўжайлида хайрия тадбири
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ташаббуси билан бошланган “Меҳр ҳаракати” хайрия тадбири Хўжайли туманида ўтказилди. “Вақф” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси филиали ходимлари ҳомийлар билан ҳамкорликда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд оилалардан хабар олди. Тадбир давомида 25 та оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, қишки кийимлар ҳамда болалар ўйинчоқлари топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.