Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Баҳолаш фаолияти соҳасида хизматлар сифатини ошириш, ўзини ўзи бошқариш механизмини ривожлантириш ҳамда экспертиза жараёнларини тартибга солиш ва рақамлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказиш механизмини тасдиқлаш ҳақида” 2008 йил 28 июлдаги 161-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг “Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказиш механизмини тасдиқлаш ҳақида” 2008 йил 28 июлдаги 161-сон қарорига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади:

баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ҳаққонийлиги фақат биринчи ёки олий тоифали баҳоловчилар жалб этилган ҳолда экспертизадан ўтказилади;

2024 йил 1 мартдан бошлаб, баҳоловчи ташкилотлар томонидан баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказиш натижаларига кўра расмийлаштирилган экспертиза хулосалари юзасидан маълумотлар Давлат активларини бошқариш агентлигининг “Экспертиза хулосаларининг ягона реестри”га киритилиши мажбурий бўлади;

судларнинг сўровномаларига кўра баҳсли вазиятларда баҳолаш ҳисоботининг ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказиш бўйича эксперт комиссиясига киритилган материалларни дастлаб баҳолаш ҳисоботини тайёрлаган баҳолаш ташкилоти аъзо бўлган профессионал жамоат бирлашмаси томонидан кўриб чиқиш ва хулоса бериши тартибини жорий қилинади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги уч ой муддатда баҳолаш фаолиятининг ягона ахборот платформаси негизида баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот юзасидан расмийлаштирилган экспертиза хулосаси бўйича маълумотларни ўз ичига олувчи, барча учун очиқ бўлган Экспертиза хулосаларининг ягона реестрини яратади ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирилишини таъминлайди.

Қарор 2024 йил 1 мартдан кучга киради.

ЎзА