Янги йилда оилавий тадбиркорлик янада ривожланади

387

Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

2023 йил 28 ноябрда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун шу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

– Янгиланган Конституцияда хусусий мулк дахлсизлигини ҳимоя қилиш ва меҳнат қилиш эркинлиги, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланиши белгиланди, – деди Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова. – Шунингдек, 2023 йил 30 апрелда кучга кирган Меҳнат кодексига тадбиркорлар учун, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорларда ёлланиб ишлайдиган шахслар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг бир қанча нормалари ҳам киритилди.

Шу каби ислоҳотлар, оилавий тадбиркорликка бўлаётган эътибор натижасида ҳозирда мамлакатимизда оилавий корхоналар сони 67 мингдан ошди.

Президент фармони билан қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга экспорт ҳажмидан келиб чиқиб 2 йилгача молиявий ресурслар (3 миллион долларгача) ажратилиши, 2025 йил 1 январгача қадоқлаш ва этикеткалаш маҳсулотлари божхона божидан озод этилиши белгиланди.

Бу – тадбиркорларнинг маълум бир харажатлари қисқариши ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ошишига олиб келади. Тўқимачилик саноати ҳам янги молиявий қўллаб-қувватлаш пакетига эга бўлди.

Оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш, спорт-таълим ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш мақсадида, шунингдек, қурилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тартиби жорий этилганидан келиб чиққан ҳолда мазкур соҳалардаги муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қайтадан кўриб чиқиш зарурати юзага келди.

Шу мақсадда қабул қилинган янги қонун 5 моддадан иборат бўлиб, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун, Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси, Шаҳарсозлик кодексига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди.

“Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуннинг иккита моддасига ўзгартиш киритилди. Қонунга юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги оилавий тадбиркорлик субъектларига беш нафаргача доимий ишчини ёллаб, улар билан меҳнат шартномаси тузишга рухсат берилди (аввал уч нафаргача эди).

“Оила бошлиғи” тушунчаси эр, хотин деб ўзгартирилди ҳамда “Бир оилавий корхона иштирокчиси бир вақтнинг ўзида бошқа оилавий корхона иштирокчиси бўлиши мумкин эмас”лиги ҳақидаги қоида чиқариб ташланди.

Мазкур ўзгартишлар натижасида аҳолининг бандлиги ошиши, шу тарзда ёлланган ишчилар даромад қилиши, меҳнат стажи юритилиши таъминланади. Келгусида мазкур шахслар олган даромади ва меҳнат стажи инобатга олинган ҳолда пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлди.

“Оила бошлиғи” сўзи чиқарилиши оилавий муносабатларда аёл ва эркакнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлайди.

Қонуннинг 5-моддасидан чекловларнинг чиқариб ташлангани натижасида Конституциянинг 67-моддасида белгиланган тадбиркорларнинг қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга ошириши ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлаши ҳуқуқи таъминланади.

Бу оилавий тадбиркорларнинг ўз фаолиятини янада кенгайтириш имкониятини беради. Бу эса, ўз навбатида, уларнинг кўпроқ даромад қилиши, оилада болалар тарбияси, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши учун имконият ва шароит таъминланишига йўл очди.

Қонун билан Божхона кодексига қўшимча киритилди. Бунда, Миллий олимпия қўмитаси, Миллий паралимпия қўмитаси, олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича федерациялар (ассоциациялар) таклифлари асосида белгиланган тартибда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан шакллантириладиган ҳамда Ҳукумат томонидан тасдиқланадиган рўйхат асосида давлат ҳамда нодавлат спорт-таълим ташкилотлари томонидан ўз эҳтиёжлари учун хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган спорт кийим-бошлари (экипировкалари), пойабзал, спорт анжомлари, жиҳозлари ва ускуналарининг эллик фоизига нисбатан божхона божидан озод этиш тарзидаги тариф имтиёзлари берилди.

Божхона кодексига киритилаётган ўзгартишлар жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолият кўрсатаётган мактабдан ташқари нодавлат спорт-таълим муассасасини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга замин яратди. Нодавлат спорт-таълим муассасасида спорт турлари билан шуғулланаётган иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда спортчиларни тайёрлашда давлат ва нодавлат спорт-таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга йўл очди. Хусусий таълим хизматларини кўрсатиш соҳасида зарур шарт-шароитлар яратилди.

Шаҳарсозлик кодексидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туманлар (шаҳарлар) ижро этувчи ҳокимият органларининг шаҳарсозлик фаолияти объектларини қуриш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколатини чиқариб ташланди. Бу қурилиш соҳасидаги давлат хизматларини кўрсатишдаги мавжуд муаммолар ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги қарама-қаршилик ва зиддиятларни бартараф этишга хизмат қилади.

Норгул Абдураимова, ЎзА