Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги индекси ошмоқда

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан баҳоланган Ишбилармонлик фаоллиги индекси 2023 йил ноябрь ойида 1020 бирликни ташкил этиб, октябрь ойига нисбатан 2 фоизга мўътадил ошган.
Шу билан бирга, ишбилармонлик фаоллиги индексида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ҳам 5,7 фоизлик ўсиш қайд этилди. Компонентлар даражасида қуйидаги ўзгаришлар бўлган.
Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисоб-варақларидаги операциялар сони 10,4 фоизга ошган. Фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар бўйича компонент 0,4 фоизга ошган. Товар-хом ашё биржасида хом ашё сотиб олиш жадаллиги 2,3 фоизга камайган. Товар белгилари бўйича компонент 27,4 фоизга ошган.
Ҳудудлар кесимида Сирдарё вилоятида энг юқори ўсиш суръати қайд этилган. Ўтган йил ноябрь ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси барча 7 та ҳудудда ўтган ойга (октябрь) нисбатан ўсиш кузатилган. Сирдарё (42,8%), Сурхондарё (31,7%) ва Андижон (19,8%) вилоятларида сезиларли даражада ўсиш кузатилган. 2023 йил ноябрь ойида банклараро тўлов операциялари сони 6 761,6 мингтани ташкил этди ва 2023 йилнинг октябрь ойига нисбатан 634,5 минг транзакцияга ошган.
Банклараро тўлов операциялари сони 5 та ҳудудда ошган. 2023 йил ноябрь ойида республиканинг 5 та ҳудудида юридик шахслар ўртасидаги банк операциялари сони ўтган ойга нисбатан ошган. Хусусан, Сирдарё (7,8%), Фарғона (5,9%), Андижон (4,1%), Наманган (0,2%) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (15,2%) ўсиш кузатилган.
Шу билан бирга, 9 та ҳудудда юридик шахслар ўртасидаги банк операциялари сони камайган. Сезиларли даражадаги камайиш Сурхондарё (- 19,1%), Самарқанд (- 10,5%), Қашқадарё (- 7,6%), Навоий (- 7,4%) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (- 27,5%) қайд этилган.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида ИФИнинг биржа компоненти 0,9771 бирликни ташкил этди. Бу эса, ушбу компонентнинг ўтган ойга нисбатан 2,3 фоизга камайганини англатиб, битимлар сонининг 13,2 фоизга камайгани билан изоҳланади. Шу билан бирга, ҳар бир битим бўйича сотиб олинган товарлар ўртача ҳажми 8,6 фоизга ошган.
Республика товар-хом ашё биржасида товарлар савдоси умумий айланмаси ҳажми 2023 йил ноябрь ойида 5 триллион 939,6 миллиард сўмни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 14,9 фоизга камайган. Хўжалик юритувчи субъeктларнинг фаоллиги Фаолият юритаётган хўжалик субъектлари бўйича компонент 2023 йил ноябрь ойида 1,0038 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 0,4 фоизга ошганини кўрсатади. Бундан ташқари ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,8 фоизга сезиларли даражада камайган. 2023 йил ноябрь ойида барча турдаги фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони 2023 йилнинг октябрь ойига нисбатан 2 009 тага ошиб, 519 минг 747 бирликни ташкил этган.
Йирик тадбиркорлик билан шуғулланувчи корхоналар сони 17 тага ошган. Ҳисобот даврида кичик корхоналар сони 422 минг 586 тадан 424 минг 695 тагача ошган (ўсиш 2 109 та). Шунингдек, фермер хўжаликлари сони 91 минг 468 тадан 91 минг 351 тагача (117 та) камайган. Йирик тадбиркорлик билан шуғулланаётган субъектлар сони 3 минг 701 тани ташкил этиб, жорий йилнинг октябрь ойига нисбатан 17 тага ошган.
2023 йил ноябрь ойида савдо белгилари муҳофазаси бўйича бизнес фаоллиги индекси 0,7258 бирликни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич 2023 йилнинг октябрь ойига нисбатан 27,4 фоизга камайган. Ўтган йилнинг ноябрь ойида юридик шахслар томонидан 180 та товар белгилари ва товар номлари рўйхатга олинган.
Ш.Маматуропова, ЎзА