Профессионал бокснинг супер ярим ўрта вазнда WВА йўналишида чемпионлик камарига даъвогар бўлган ҳамюртимиз Исроил Мадримовнинг рақиби ўзгарди.
Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев Исроил Мадримов жорий йилнинг 27 январида WВА йўналишидаги чемпионлик жангини британиялик Жеймс Меткалфга қарши ўтказиши ҳақида гапирганди. Бироқ британиялик боксчи мазкур учрашувда гонорар миқдори кам бўлгани сабабли жангни рад этди.
WВА йўналишида жаҳон чемпионлиги камари учун мажбурий даъвогар Исроил Мадримов жамоаси Жеймс Меткалф ўрнига рингга кўтариладиган янги номзод билан келишувга эришди.
Энди Мадримов жаҳон чемпионлиги учун россиялик Магомед Курбанов билан жанг олиб боради. Аммо мазкур жанг қачон ва қайси мамлакатда ташкил этилиши борасида ҳали бир тўхтамга келинмаган.
Т. Рўзиев, ЎзА