Эроннинг Кирмон вилоятида Қосим Сулаймоний қабри яқинида содир бўлган иккита портлаш қурбонлари сони 103 кишига етди, яна 211 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Эроннинг “IRNA” расмий ахборот агентлиги Фавқулодда вазиятлар марказига таяниб хабар берди.
Воқеа 2020 йил 3 январь куни Бағдодда AҚШ ҳаво ҳужуми натижасида ҳалок бўлган эронлик генерал ўлимининг 4 йиллиги муносабати билан содир бўлди.
Хабар қилинишича, портлашлар тахминан 10 дақиқа фарқ билан содир бўлган. Баъзи ярадорларнинг аҳволи оғир. Расмийлар қурбонлар сони ортишидан хавотирда.
Эрон Фавқулодда маркази матбуот котиби Бабек Ектаперестнинг айтишича, жароҳатланганлар Кермандаги шифохоналарга олиб кетилган, баъзилари эса самолётда Теҳронга етказилган.
Кирмон губернатори ўринбосари Раҳмон Жалолий воқеани теракт деб атади. Бу ҳақда Эрон давлат телевидениеси хабар берди. Эроннинг “Тесним” ахборот агентлигига кўра, портловчи қурилмалар масофадан туриб ишга туширилган. Воқеа жойига туташ ҳудудлар эвакуация қилинган.
Аввалроқ 73 киши ҳалок бўлгани, 170 киши яралангани хабар қилинган эди. БМТ Бош котиби Aнтониу Гутерриш мазкур портлашларни кескин қоралади. У ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва Эрон ҳукуматига ҳамдардлик билдирди ва ярадорларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.
ЎзА