Япониянинг Исикава префектураси ҳукумати ҳафта бошида юз берган кучли зилзиладан кейин 51 кишининг тақдири нима бўлганини билолмаяти, деб хабар тарқатди “Киодо” ахборот агентлиги.

Жумладан, энг кўп одам ҳалок бўлган Вадзима шаҳрида олти киши ҳали ҳам алоқага чиқмаган.

Бугун эрталаб уюштирилган матбуот анжуманида Япония бош вазири Фумио Кисида яна бир бор фавқулодда вазият хизматчиларини қидирув ва қутқарув ишларини тўхтатмасликка чақирди.

Душанба куни Исикава префектурасида 7,6 магнитудали ер силкиниши рўй берди. Зилзиладан сўнг Япониянинг ғарбий соҳилларида улкан цунами хавфи пайдо бўлган.

Сўнгги маълумотларга кўра, табиий офат 78 кишининг ёстиғини қуритди, 100 дан зиёд киши жароҳат олган. Хабарда келтирилишича, қурбонлар ва жабрланганлар сони яна ортиши мумкин, чунки одамлар ҳамон вайроналар остида қолмоқда.