Швейцариянинг Женева шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш” резолюциясига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Мамлакатимизнинг Женева шаҳридаги БМТ ҳузуридаги доимий ваколатхонаси кўмагида ташкил этилган тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон дипломатик ваколатхоналари, шунингдек, тузилманинг Женевадаги тузилмавий бўлинмалари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тушунтирилди. Резолюцияда Марказий Осиёда иқлим ва экологик таҳдидларга самарали қарши курашиш мақсадида барқарор қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия самарадорлиги, чиқиндиларни қайта ишлаш, барқарор туризмни ривожлантириш, “ақлли шаҳарлар” ва барқарор транспортни яратиш бўйича аниқ вазифалар белгилангани қайд этилди.

Тадбир иштирокчиларига ҳужжатда минтақамизнинг асосий экологик муаммоси – Орол фожиасига алоҳида эътибор қаратилгани маълум қилинди. БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси фаолиятини кучайтириш зарурияти алоҳида таъкидланган.

Хорижий дипломатлар ҳамда БМТ экспертлари чўлланиш ва ерларнинг деградациясига қарши курашда инновацион усуллар ва янги технологияларни жорий этиш чақириғи, шунингдек, мамлакатимизнинг Марказий Осиёда сувни тежаш технологиялари платформасини яратиш ташаббуси ўз вақтида бўлганини эътироф этишган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг 2024 йил Самарқандда глобал экологик таҳдидларга ечим топишга хизмат қиладиган Халқаро иқлим форумини ўтказиш ташаббуси олқишланди.

2023 йил 13-17 ноябрь кунлари Самарқандда БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси, Қум ва чанг бўронларига қарши кураш бўйича юқори даражадаги йиғилиши Марказий Осиёда илк бор муваффақиятли ўтказилгани билан табриклаган.

Б.Худойбердиев, ЎзА