Ўзбекистон Рекспубликаси Вазирлар Маҳкамаси “Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, қонунчилик ҳужжатларини мувофиқлаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора- тадбирлари тўғрисида” 2023 йил 24 майдаги ПФ-76-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ҳукуматнинг айрим қарорларига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади:

Рақамли технологиялар вазирлиги тизимидаги ташкилотлар қайта ташкил этилганлиги ва номланганлиги муносабати билан қонунчилик ҳужжатларини мувофиқлаштириш;

Ягона интерактив давлат хизматлари порталида “давлат – фуқаро” ва “давлат – тадбиркор” тамойили асосида хизмат ва сервисларни рақамли кўринишда жорий этиш режаларини белгиловчи ваколатли органни белгилаш;

Ягона порталда давлат хизматлари ва сервисларини уларнинг маъмурий тартиблари “3 қадам” тамойили асосида мақбуллаштирилган ҳолда жорий этиш;

вазирлик ва идоралар томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига веб-сайт, портал, мобил илова ва бошқа ахборот ресурслари орқали кўрсатиладиган барча турдаги хизматлар Ягона порталда тўлақонли ёки ҳавола кўринишида ҳам жорий этилишини белгилаш;

давлат органларининг Ягона порталдаги электрон давлат хизматлари ва сервисларидан аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларининг қониқиш даражасини баҳолаш ва унинг индикаторларини белгилаш;

республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ахборот тизимларида, идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда “Рақамли ҳукумат” тизимининг ягона идентификаторлари ҳамда маълумотномалар ва таснифлагичлар регистри ахборот тизимида жойлаштирилган ягона умумдавлат маълумотномалари ва таснифлагичларидан мажбурий фойдаланиш;

жамоат, саноат, турар жой, маъмурий бинолар ва иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда фойдаланишга қабул қилиш жараёнида алоқа, почта, ахборотлаштириш ва телекоммуникация соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, давлат стандартлари ва меъёрларига амал қилинишини таъминлаш.

 ЎзА