Жарималарни тўлашга шошилманг!

Кундалик хаётимизда радарлар бўйича низолар етарли. Ижтимоий тармоқларда ҳам радар бўйича мавзулар доимий муҳокамаларга сабаб бўлади. Яқинда Хоразм вилоятида юз берган ҳолат ҳам ҳайдовчилар ўртасида кенг муҳокама қилинди. Маълум бўлишича, тадбиркор томонидан бетон симёғочга ўрнатилган радар ҳайдовчи тезликни оширганини қайд қилган, вилоят ИИБ ЙҲХБ жарима қўллаган. Ҳайдовчи эса тезликни оширмаганлигини, радар белгиланган талабларга зид равишда ўрнатилганлигини айтиб, судда ютиб чиққан.

Шунда ҳақли савол туғилади нотўғри ўрнатилган радарлар томонидан қайд этилган жарималар ҳақиқий эмаслигидан барча ҳайдовчиларнинг хабари бормикин? Саволларимизга Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлим бошлиғи подполковник Илҳом Идиров жавоб берди.

Нотўғри ўрнатилган радарлар низолари бўйича мунтазам шуғулланиб келаётган адвокат Камолиддин Бахавиддинов доимгидек ҳайдовчиларни огоҳликка чақириб, жарималарни тўлашдан аввал “Тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобил йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ва эксплуатация қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом билан яқиндан танишиб чиқишни тавсия этиб қолади.

М.Турдалиева, А.Аҳмедов (видео), ЎзА