Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йилнинг сентябрида Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган саммитида 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланишнинг 17 мақсади ва тегишли вазифалари белгилаб олинган. Ушбу мақсадлар кенг миқёсли масалаларни, яъни соғлиқ ва фаровонликдан тортиб иқлим ўзгаришларигача, гендер тенглигидан тортиб истеъмол ва ишлаб чиқариш моделлари ўзгаришларигача бўлган жараённи қамраб олган.

Ўтган даврда Ўзбекистонда ҳам ушбу БРМ доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бунинг натижасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи (SDSN) ва халқаро экспертлар томонидан 2023 йилда эълон қилинган БРМ (SDG index) рейтингида Ўзбекистон 71,1 индекс билан 166 та мамлакат орасида 69-ўринни эгаллади. Бу натижа 2022 йилга нисбатан 8 поғонага ошган. 2022 йилда Ўзбекистон 69,9 индекс билан 77-ўринда қайд этилган эди.

Хусусан, 2023 йилги SDG index ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда Барқарор ривожланишнинг 10 та мақсадлари бўйича кўрсаткичларида ижобий ўсиш қайд этилган. Жумладан, мамлакатда камбағалликни қисқартириш, соғлиқ сақлаш ва фаровонликни таъминлаш, сифатли таълим билан таъминлаш, гендер тенглигига эришиш, тоза сув ва санитария, саноатлаштириш, инновация ва инфратузилма, шаҳар ва аҳоли пунктларини барқарор ривожлантириш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, тинчлик, адолат ва самарали бошқарув, барқарор тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик каби мақсадлар бўйича ижобий натижа қайд этилган.

М.Комилова, ЎзА