Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасида мураббий маслаҳатчиси сифатида фаолият юритган эронлик Саид Азиз Алиҳусайни истеъфога чиқди. Бу ҳақда Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
Тажрибали хорижлик мураббий Саид Азиз Алиҳусайни терма жамоадаги сўнгги машғулотини ўтказди. Унда Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раиси ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов эронлик мутахассиснинг мураббийлик маҳорати, билими ва спортдаги тажрибасини яна бир бор эътироф этган ҳолда ўзаро самарали фаолият ва ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди.
Айтиш лозимки, Саид Азиз Алиҳусайни ўтган йиллардаги меҳнат фаолияти давомида Ўзбекистон оғир атлетикачиларини тайёрлаш ва назорат қилишда салмоқли ютуқларга эришиб, «Париж-2024» Олимпия ўйинлари учун муҳим рейтинг очколари қўлга киритилишига ҳисса қўшди.
Ўзбекистон терма жамоаси ушбу хорижлик мураббий иштирокида ўтган йилнинг 3-13 май кунлари Жанубий Кореянинг Жинжу шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида 2 олтин, 4 кумуш ва 5 бронза медали соҳибига айланди. Бундан ташқари, 4-17-сентябрь кунлари Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 3 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритган бўлса, Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ўйинларида 2 та кумуш ва 2 бронза медалига эга чиқди.
Т.Рўзиев, ЎзА