Саратон хасталиги ўлим хавфи юқори бўлган касалликлар рўйхатида етакчи ўринда туради. Сўнгги йилларда ер юзида ушбу оғир дардга чалинган беморлар сони тобора ортиб боряпти.

Шуни таъкидлаш жоизки, кимётерапия бугунги кунда онкологик хасталикларга қарши асосий воситалардан бири. Бунинг учун одатда фотон нурланиш усулидан кенг фойдаланилади.

Бироқ сўнгги изланишлар флеш-терапия деб номланган протон нурланиш самарадорлиги юқорилигини тасдиқламоқда. Чунки бу усул соғлом тўқималарга камроқ зарар етказиши билан ажралиб туради.

АҚШнинг Пенсилвания университети олимлари саратон касаллигини даволашга қаратилган янги усулни синовдан муваффақиятли ўтказди, дейилади Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида

Тадқиқотчилар хулосасига кўра, флеш-терапия анъанавий нур муолажаларига нисбатан ножўя таъсирлар хавфини учдан икки қисмга камайтиради.

Бундан ташқари, даволаш босқичи фақат бир марталик ва унинг давомийлиги атиги бир сонияга тенг. Заррачалар массаси катта бўлганлиги сабабли протон нурлари беморнинг касалликдан зарарланган қисмига аниқроқ йўналтирилади. Бу эса қўшни тўқималар ва органларга минимал даражада салбий таъсир кўрсатади.

Шунингдек, олимлар протон нурланишдан фойдаланиш методологияси ва экспресс сеанслар учун оптимал дозаларни ишлаб чиқди. Тез орада флеш-терапия саратон муолажасида кенг оммалашиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг ноябрь ойида Япониянинг Нагоя университети олимлар ошқозон саратонини қондаги СДФ4 оқсили ёрдамида аниқлаш мумкинлигини исботлаган эди.

Марҳабо Мадаминова, ЎзА