Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ижро этувчи дирекцияси тузилмаси тасдиқланди.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузурида “Ахборот технологиялар маркази” давлат муассасаси ҳам ташкил этилади.

“Ахборот технологиялар маркази” давлат муассасаси:

Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси, Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

ахборот дастурларини ишлаб чиқиш ва кузатиб бориш, сервер, компьютер қурилмалари ва телекоммуникация тармоқларига техник хизмат кўрсатиш, Агентлик тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, “Call-марказ” фаолиятини ташкил этиш ва бошқа соҳаларда Агентлик директори томонидан тасдиқланадиган лойиҳаларга мувофиқ тўғридан-тўғри шартнома асосида молиялаштирилади;

тузилмаси ҳамда ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни рағбатлантириш шартлари Агентлик билан келишилган ҳолда, лойиҳаларга ажратилган маблағлар доирасида марказ томонидан белгиланади.

ЎзА