Франция пойтахти Париж ва унинг провинцияларида бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари 2024 йилнинг энг муҳим спорт мусобақаси саналади.
Жорий йилнинг 26 июль-11 август кунлари ўтадиган Олимпия ўйинларини ҳар жиҳатдан юқори даражада ташкил этишга ҳозирлик кўраётган Франция томони «Париж-2024» борасидаги айрим рақамларни эълон қилди.
Унга кўра, Олимпия ўйинларида дунёнинг 14 250 нафар спортчиси иштирок этади. Мусобақаларни бевосита кузатиб борадиган томошабинлар сони 3 миллионни, аккредитациядан ўтган журналистлар 20 минг нафарни ташкил этиши кутилмоқда. Олимпия ўйинларида хизмат қиладиган кўнгиллилар эса 45 минг нафар атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда.
«Париж-2024» ўйинларининг 329 та мусобақалари 39 та спорт мажмуасида ўтиши белгиланган. Олимпиаданинг тантанали очилиш маросими илк бор очиқ ҳудудда ўтказилиши, яъни Франция пойтахтидан ўтадиган Сена дарёсининг 5 километр ҳудудини қамраб олиши бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Франция миллий статистика ва иқтисодий тадқиқотлар институти ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йилги Париж Олимпиадаси ўйинлари қурилишини якунлаш учун 45 миллиондан ортиқ иш соати талаб қилинмоқда. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бу соатларнинг 25 миллиони ёки ярмидан кўпи малакали ишчилар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Олимпия ўйинлари иштирокчилари истиқомат қиладиган “Спортчилар шаҳарчаси”да бир вақтнинг ўзида 2 минг 800 нафар киши иш олиб бориши назарда тутилаётгани инобатга олинса, 17 кунлик мусобақалар ҳолатида камида 8 минг нафардан зиёд кўнгиллилар “Спортчилар шаҳарчаси”да мисли кўрилмаган меҳнат кучини сарфлаши ойдинлашади.
Т. Рўзиев, ЎзА