Қиш мавсумида бир қатор спорт турлари бўйича мусобақалар бироз муддат ўтказилмайди. Бироқ баъзи бир спорт турлари борки, мавсум танламайди ва ушбу турлар бўйича ҳар бир мавсумда катта нуфузли мусобақалар ўтказилади. Ана шундай спорт турларидан бири миллионлар ўйини, дея эътироф этилувчи футболдир.
Яна 9 кундан сўнг, яъни 12 январь куни Қатар футбол майдонларида Осиё кубоги ўтказилади. Мазкур мусобақада Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихидаги биринчи Осиё кубогини қўлга киритиш учун яхши имкониятга эга. Бироқ ушбу мақсадларни амалга ошириш йўлида термамизнинг энг тажрибали футболчиси Элдор Шомуродов ёрдам бера олмаслиги футбол мухлисларимизнинг кайфиятини туширмоқда.
Бу ҳолат нафақат Ўзбекистон миллий терма жамоаси, балки турнир ташкилотчилари учун ҳам катта йўқотиш ҳисобланади. Сабаби, ҳар бир мусобақада дунёнинг энг кучли лигаларида ўйнайдиган юлдузларнинг тўп тепиши ўша турнир савиясини янада юксалтиради ва унга эътиборни оширади. Албатта, Элдорнинг ўрнини боса оладиган, жамоамизни ғалабага етаклайдиган бошқа футболчиларимиз ҳам бор ва улар зиммасидаги масъулиятни яхши англамоқда.
Ана шундай футболчиларимиздан бири Жалолиддин Машариповдир. Осиё футбол конфедерацияси экспертлари ҳам Э.Шомуродовнинг мусобақада қатнашиши сўроқ остида қолаётганини инобатга олиб, Ўзбекистон миллий терма жамоасида энг муҳим фигура сифатида Жалолиддинни кўрсатмоқда.
Сречко Катанец жамоасида энг катта тажрибага эга ўйинчилардан бири бўлган Жалолиддин Машарипов терма жамоа сафида 53 та учрашувда рақиблар дарвозасига 11 та тўп киритган. Шунингдек, у Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Греция жамоалари таркибида юқори савияда ўйин ўтказиб келмоқда.
Шу тариқа, универсал футбол услубида ўйнайдиган Жалолиддин терма жамоамиз сафида ўзининг ёрқин ўйинларини намойиш этади ва футболчиларимизни Осиё кубоги ғолиблиги томон етаклайди. Яна шуни умид қиламизки, Элдор Шомуродов ҳам мусобақанинг муҳим ўйинларига қадар сафга қайтади.
Қарийб икки ойдан сўнг мамлакатимизда Супер ва Про-лига баҳслари бошланади. Албатта, миллий мусобақаларимиз учун жамоалар юқори савияда тайёргарлик ўрмоқда. Жумладан, “Андижон” жорий йилги мавсум учун тайёргарликни бугун, 3 январь кунидан бошламоқда. Машғулотлардан аввал, футболчилар дастлаб тиббий текширувдан ўтказилади ва 5 январь куни йиғин ўтказиш учун Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрига йўл олади.
Режа бўйича у ерда икки ҳафта давомида машғулотлар олиб борилади. Асосан жисмоний юкламаларга эътибор қаратилади. Шунингдек, йиғин доирасида иккита назорат учрашуви ўтказилиши ҳам режалаштирилган. Тожикистондаги йиғин 19 январга қадар давом этади.
Янги мавсум олдидан Суперлига йўлланмасини қўлга киритишни режа қилган “Қўқон-1912″ клуби эса 5 январдан машғулотларни бошлайди. Жамоанинг илк ўқув-йиғин машғулотлари Қўқон шаҳрида бўлиб ўтади.
Дарвоқе, Қатардаги Осиё кубоги арафасида Эрон терма жамоасида ҳам кутилмаган муаммо юзага келмоқда. Жамоанинг энг ишонган футболчиси Сардор Азмун кубокнинг гуруҳ баҳсларида термасига ёрдам бера олмаслиги мумкин. Бунга сабаб Италиянинг “Рома” клубида тўп тепаётган Азмун жамоа билан тузилган шартномада футболчининг Осиё кубоги вақтида римликлар сафида қолиш банди борлигидир. Агарда клуб уни мусобақага қўйиб юбормаса, Азмун ушбу турнирга кела олмайди.
“Рома” ва Сардор Азмун ўртасидаги бу ҳолат ижобий тарзда ҳал бўлишини тилаган ҳолда шарҳимизни Европа қитъасидаги янгиликлар билан давом эттирамиз.
Европа лигаларида аста секинлик билан қишки трансферлар ойнаси очилмоқда. Доимгидек трансфер ойнаси давомида Испания футболи учун кутилмаган ҳолатлар содир бўлади. Бу сафар Испания чемпионатида 86 нафар футболчининг шартномаси якунланишига ярим йил вақт қолди ва ФИФА қоидаларига кўра, уларнинг барчаси бошқа клублар билан музокара ўтказиш ҳуқуқига эга.
Таркиб масаласида энг кўп бош қотириши керак бўлган жамоа “Атлетик Билбао”дир. Бу жамоанинг тўққиз нафар ўйинчиси – Муньяин, Андер Эррера, Рауль Гарсия, Гурусета, Беренгер, Юри Берчиче, де Маркос, Ноласкоайн, Дани Гарсиянинг шартномаси мавсум охирида тугайди. Шунингдек, бу муаммо “Вильярреал”да ҳам бор. Жамоада эркин агентга айланиш арафасида турган футболчилар сони саккиз нафарни ташкил қилмоқда. Шунингдек, “Атлетико” ҳам етти футболчиси келажаги бўйича бир қарорга келиши керак. Испания чемпионати юқори дивизионида фақатгина “Реал Сосьедад”да эркин агентга айланадиган ўйинчилар йўқ.
Футболга ихтисослашган “Goal” нашри янги мавсумнинг энг яхши трансферлари рейтингини эълон қилди. Унга кўра, ёзги трансферда “Боруссия”дан “Реал”га кўчиб ўтган Жуд Беллингемнинг трансфери биринчи ўринга лойиқ топилди. Ушбу трансфер нархи 111 миллион АҚШ долларини ташкил қилган эди. Иккинчи поғонада эса “Тоттенҳем” дан 109,7 миллион АҚШ долларига “Баварияга” ўтган Ҳарри Кейн трансфери жой олди. “Ренн” ва “Штутгарт” ўртасида 9,8 миллион АҚШ доллари билан баҳоланган Серу Гирасси келишуви учинчи ўринга мос кўрилди.
Ёзги трансфер ойнаси очилиши билан “Реал Мадрид” президенти Флорентино Перес дунёнинг энг кучли иккита ҳужумчиси билан шартнома имзоламоқчи. Мадрид жамоаси ёзда Килиан Мбаппе ва Эрлинг Холандни жамоага олиб келиш ниятида.
Маълумот учун, Мбаппенинг “ПСЖ” билан тузган шартномаси шу йил ёзда тугайди. Эрлингеса “Манчестер Сити” билан 2027 йилга қадар шартнома тузган.
“IFFHS” ўтган 2023 йилги мавсумда йилнинг энг яхши плеймейкерлари номини маълум қилди. Унга кўра, Кевин де Брюйне ўтган йилнинг энг яхши плеймейкери сифатида тан олинди. У 2020 ва 2021 йилда ҳам энг яхши плеймейкер бўлганди. Шунингдек, Брюйнедан кейинги ўринларни Лионель Месси ва Бернарду Силва эгаллади.
Англия футболи экспертлари 2023 йил якунига кўра, Премьер-лиганинг биринчи қисмида энг кўп дриблинг қўллаган футболчилар рейтингини тузиб чиқди. Мутахассислар биринчи ўринга “Манчестер Сити”нинг бельгиялик ҳужумкор футболчиси Жереми Докуни муносиб кўрди. Бу футболчи учрашувлар давомида 44 маротаба дриблинг ишлатган. Кейинги ўринларни “Вулверхэмптон” вакили Матеус Кунья (42 та), “Вест Хэм” ҳужумчиси Муҳаммад Қудус (41та) эгаллади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА