Дунё узра Янги йил байрами шодиёналари ҳамон давом этаётган бир вазиятда, спорт оламида бир қатор мусобақалар олдидан тайёргарликлар, турли турнирлар ва олдинда бўлиб ўтиши кутилаётган мусобақа кунлари аниқланмоқда. Олимпия йилида бир қатор спорт турлари бўйича спортчилар ўзлари учун муҳим рейтинг очколарини йиғиш ва тўрт йилликнинг энг муҳим спорт тадбири – Олимпия ўйинларига йўлланмалар олиш учун мусобақаларга тайёрланмоқда.

Жумладан, қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси етакчилари Зайнаб Дайибекова, Шерзод Мамутов ҳамда Муса Аймуратов яккалик дастурда “Париж-2024” йўлланмаси учун кураш олиб бормоқда. Улар шу кунларда Венгрияда халқаро ўқув-машғулот  йиғинини ўтказмоқда. Қиличбозларимиз йиғин доирасида Будапешт шаҳрида 6-7 январь кунлари ўтказиладиган Жаҳон кубогида иштирок этишлари кутилмоқда.

Маълумот учун, Венгрия йиғини якунига етганидан сўнг спортчиларимиз 10 январь куни Тунисда ўтадиган катталар ўртасидаги Гран-при турнирида ҳам қатнашади.

***  

Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси янги спорт мавсумига илк тайёргарликни 2-7 январь куни Италияда, 7-15 январь кунлари Австрияда, 15-20 январь кунлари эса Германияда ўтказади. Мазкур мамлакатларда олиб бориладиган халқаро ўқув-машғулот йиғинлари полвонларимиз учун олдинда кутилаётган қатор мусобақалар, хусусан Гран При ва “Катта дубулға” турнирларига тайёргарлик вазифасини ўтаб беради.

 ***  

Таэквондо WТ бўйича катталар ўртасидаги навбатдаги жаҳон чемпионати 2025 йилда ташкил этилади. Бутунжаҳон таэквондо ассоциацияси мусобақа мезбонлигини Хитойнинг Уси шаҳрига топширди.

Маълумот учун, 2021 йилги Жаҳон чемпионати Уси шаҳрида ўтказилиши керак эди. Бироқ коронавирус пандемияси туфайли ушбу мусобақа бекор қилинди. Эндиликда таэквондо оламидаги ушбу йирик шаҳар 2025 йилги чемпионатни ўзида қабул қиладиган бўлди.

Эслатиб ўтамиз, катталар ўртасида ўтган йили Озарбайжонда ўтказилган дунё биринчилигида терма жамоамиз 1 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритган.

***  

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 12 январь-10 февраль кунлари Қатарда футбол бўйича Осиё кубоги баҳслари бўлиб ўтади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё кубогида қатнашиш учун куни кеча Қатарга етиб борди. Мазкур мусобақада терма жамоамиз “В”  гуруҳида Сурия, Ҳиндистон, Австралия жамоаларига қарши ўйин ўтказади. Футболчиларимиз илк учрашувда 13 январь куни  Сурия термасига қарши майдонга тушади.

 ***  

Теннис оламида шундай спортчи борки, унинг ҳар бир учрашувини миллионлаб мухлислар кутади. Албатта, ўз вақтида теннис қироли бўлган испаниялик Рафаэль Надаль узоқ танаффусдан сўнг, кортга қайтди.

Австралиянинг Брисбен шаҳрида ўтаётган теннис бўйича ATP турнирида Рафаэль Надаль илк учрашувини австриялик Доминик Тимга қарши ўтказиб, унда 7/5, 6/1 ҳисобида ғалаба қозонди. Энди Рафаэль иккинчи даврада австралиялик Жейсон Каблерга қарши кортга чиқади.

***  

Хабарингиз бор 2026 йил Япониянинг Нагоя шаҳрида XX ёзги Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Қизиқарли жиҳати шундаки, мазкур қитъа мусобақаси старт олишига 999 кун қолди. Умид қиламизки, ушбу мусобақада Ўзбекистон делегацияси янада улкан марраларни забт этади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон делегацияси “Ханчжоу – 2022” ХIХ ёзги Осиё ўйинларида 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза, жами 71 та медаль қўлга киритиб, 45 мамлакат орасида 5-ўринни эгаллаган эди.

 ***

Дунёга машҳур “ESPN” спорт портали якунига етган 2023 йилнинг профессионал боксдаги бир нечта номинация бўйича энг яхшиларини аниқлади.

Жумладан, «Энг яхши боксчи» номинациясида япониялик Наоя Иноуэ эътироф этилган бўлса, «Йил жанги» номинациясида Хайме Мунгиа ҳамда Сергей Деревянченко ўртасидаги баҳс ғолиб деб топилди. «Йил мураббийи» эътирофига америкалик мутахассис Брайан Макинтайр сазовор бўлди. Шунингдек, яна бир қатор йўналишлар бўйича ўтган йилнинг энг яхшилари аниқланди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА