Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан бирга ҳудуд аҳолисининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу хайрли ташаббуслар доирасида байрам арафасида тумандаги ижтимоий ҳимояталаб оилалардан бўлган 8 жуфт келин-куёвнинг никоҳ ҳамда 10 нафар боланинг суннат тўйлари ўтказилди.
Ушбу мақсадда туманнинг энг чекка овул ва маҳаллаларида яшаётган ижтимоий ҳимояталаб оилаларнинг яшаш шароитлари, моддий аҳволи ўрганилди. Фарзандларининг суннат ва никоҳ тўйларини ўтказишда кўмакка муҳтож бўлган оилалар рўйхати шакллантирилди.
Тантанада келин-куёвлар ва тўй болалар карнай-сурнай садолари остида миллий анъаналаримизга мувофиқ кутиб олинди. Тадбирга келин-куёвлар, тўй болаларнинг ота-оналари, яқин қариндошлари, маҳалла фаоллари, фахрийлар, жамоатчилик вакиллари ва ёшлар таклиф этилди.
Тадбирда сўз олганлар Президентимиз раҳнамолигида инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг барча қатлами, хусусан, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалар турмуш шароитини яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Янги оила қураётган ёшларга, суннат тўйлари нишонланаётган тўй болаларга эзгу ният ва истаклар билдирилди. Уларга бахт ва омадлар тиланди.
Тадбирда ёш келин-куёвларга, суннат тўйи бўлаётган болажонларга қимматбаҳо совғалар топширилди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири