Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси томонидан ушбу давлатда Ўзбекистон туризми салоҳиятига бағишланган навбатдаги видеолавҳа Берлин Марказий темир йўл вокзали (Berliner Hauptbahnhof) LED-реклама устунларида намойиш этилди.

Элчихонамиз томонидан “DIEMEDIAFABRIK Agentur für Mediaberatung GmbH” медиа-хизмати агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур сайёҳлик видеоролиги Рождество ва Янги йил байрами арафасида энг муҳим рекламалар қаторида ўрин олди.

Маълумки, немислар энг кўп саёҳат қилувчи халқлар сирасига киради. Германиялик соҳа вакилларининг фикрича, “Буюк Ипак йўли”да жойлашган қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарларимиз, асрлар оша жозибадорлигини сақлаб келаётган тарихий обидаларимиз, бой ва хилма-хил маданиятимиз немис сайёҳларини ўзига тобора жалб қилмоқда.

Берлиндаги мазкур замонавий ва йирик Марказий вокзалнинг 58 та LED-реклама устунларида намойиш этилаётган видеоролик мамлакатимизнинг туристик салоҳияти, маданий-тарихий, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, спорт, экстремал каби турлари ҳақида ҳикоя қилади. Бундан ташқари, унда юртимизнинг жозибадор табиати, ширин-шакар мевалари, барча фасллардаги туризм имкониятлари тасвирланган.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ушбу вокзал Германиянинг энг катта темир йўл вокзалларидан бири бўлиб, маҳаллий, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича кунига 1 минг 300 та поезд қатнови орқали 330 мингга яқин саёҳатчи ҳамда маҳаллий йўловчиларга хизмат кўрсатади. Вокзал Европада кўп қаватли темир йўл вокзаллари орасида энг каттаси ҳисобланади. Поезд мамлакатда энг кўп фойдаланиладиган жамоат транспортларидан саналади. Ундан нафақат шаҳар аҳолиси, балки бутун дунёдан ташриф буюрадиган меҳмонлар ҳам бажонидил фойдаланадилар. Унинг қулайлик жиҳати шаҳар метрополитени, автобус-трамвайлари билан ҳам бевосита туташган.

Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги юксак салоҳиятини дунёга танитишга қаратилган чора-табдирлар юртимизни дунё сайёҳларининг энг севимли масканларидан бирига айланишига хизмат қилади.

Н. Зиёдуллаева, ЎзА