Қарор ва ижро
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 сентябрдаги “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳудудларда ушбу ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, чиқиндиларни қайта ишлашда юқори технологиялар қўлланиладиган ишлаб чиқаришларни жорий этиш, шунингдек, қулай инвестиция муҳитини яратиш орқали соҳага тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш учун қулай шарт-шароит яратмоқда.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш хизматларини кўрсатиш бўйича Қорақалпоғистон Республикасида 3 та давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Шу жумладан, “Global position system” масъулияти чекланган жамияти билан имзоланган давлат-хусусий шериклик битими асосида 18 миллиард 140,3 миллион сўм инвестиция киритиш мажбурияти билан Амударё, Қораўзак ва Тахтакўпир туманлари аҳолисига маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматини кўрсатиш белгиланган. Бугунги кунга корхона томонидан 1 миллиард 609,2 миллион сўм инвестиция киритилди.
Жумладан, лойиҳа доирасида “Global position system” масъулияти чекланган жамияти томонидан Хитой Халқ Республикасининг “Cheng Li Special Automobile Co.Ltd” компанияси билан 12 дона махсус автотранспорт олиб келиш бўйича импорт шартномаси имзоланди. Шундан янги йил байрами арафасида 3 таси олиб келинди. Қолганлари келгуси йили олиб келиниши режалаштирилган.
–Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни такомиллаштириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳолига кўрсатилаётган хизматнинг сифатини янада яхшилаш мақсадида Оролбўйидаги 8 та туманга бириктирилган 3 та корхона билан давлат-хусусий шериклик битими тузилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўлимининг бош мутахассиси Ислам Даулетмуратов. –Ушбу битимга мувофиқ 34 дона замонавий чиқинди ташиш техникасини олиб келиш белгиланган бўлса, бугунги кунда 12 та ҳар хил техника олиб келинди. Шу билан бирга, қарор асосида ушбу корхоналарга чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш, чиқинди полигонларини контейнерлар билан таъминлаш вазифаси юклатилган. Бу бўйича Тўрткўл ва Элликқалъа туманларига бириктирилган корхона томонидан чиқиндиларни тўплаш, ташиш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш бўйича 4 дона ускуна олиб келинган бўлса, Қўнғирот, Мўйноқ ва Шуманай туманларига бириктирилган корхона томонидан чиқиндиларни қайта ишлаш учун бино ажратилиб, зарур ускуналар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши чиқиндиларни олиб кетиш ва полигонларга жойлаштириш билан боғлиқ ишларнинг янада яхшиланишига, янги иш ўринларининг яратилишига, аҳолининг қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар билан тўлиқ қамраб олинишини таъминлашга хизмат қилади. Энг асосийси, атроф-муҳитнинг чиқиндилар билан ифлосланишининг олди олинади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари