ФОТОРЕПОРТАЖ

Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида Нукус ва Андижон гарнизонларида йигитлик бурчини ўтаётган аскарлар ва уларнинг яқинлари иштирокида “Аскар оналарини шарафлаймиз!” мавзуида онлайн видеоконференц алоқа бўлиб ўтди.

Унда Андижон гарнизони ҳарбий қисмида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган қорақалпоғистонлик йигитлар ота-оналари билан дийдор кўришган бўлса, Нукус гарнизонида йигитлик бурчини бажараётган андижонлик аскарлар яқинлари билан онлайн режимда учрашди.

Тадбир ҳаяжонли ва қувончли лаҳзаларга бой ўтди. Тўққиз ойдан буён минг чақирим олисда, юрт ҳимоячиси, деган шарафли вазифада ҳарбий хизматни ўтаётган фарзандини онлайн бўлса-да, кўриб қувонган оналарнинг кўзлари қувонч ёшлари, оталарнинг қалби ғурур ва ифтихордан тўлиб тошди.

Андижонлик ва қорақалпоғистонлик аскарлар ота-оналари ва яқинларига ҳарбий хизматдаги шарт-шароитлар ҳақида сўзлаб, дил изҳорларини шеър ва қўшиқлар билан ифодалади.

Аскарлар ота-оналари ва яқинларини кириб келаётган Янги йил байрами билан табриклаган бўлса, уларнинг яқинлари командир ва бошлиқларга ўз миннатдорчилигини билдирди.

Тадбирда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши Қорақалпоғистон Республикаси минтақавий бўлинмаси аъзолари ва фахрийлар иштирок этди.

Қорақалпоғистонлик аскарларнинг оналарига ҳарбий округ қўмондонлигининг ташаккур хатлари етказилди.

Нукус гарнизонида йигитлик бурчини ўтаётган йигитлар ҳаёти ҳақида сўзловчи видеолавҳа юртимиз ҳимояси ишончли қўлларда эканини намойиш этди.

Тадбир якунида қорақалпоғистонлик аскарларнинг ота-оналари учун ҳарбий округ тарихи музейига саёҳат ташкил этилди.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА