Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг араб давлатлари билан ҳамкорлиги жадал ривожланмоқда. Айниқса, Бирлашган Араб Амирликлари Ўзбекистоннинг минтақадаги асосий шерикларидан бирига айланмоқда.

Мамлакатларимиз ўртасидаги юқори даражадаги ишонч, дўстона муносабат Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритган дастлабки йиллардаёқ ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун мустаҳкам пойдевор яратди.

Бугунги глобал ўзгаришлар даврида халқаро ҳамжамият вакиллари, ҳукумат аъзолари, айниқса журналистлар яқин ҳамкорлик қилиши, тажриба алмашиши муҳим аҳамият касб этмоқда. ОАВ вакилларининг креатив фикрлашини, дунё миқёсида рўй бераётган янгиликларни оммага етказишдаги роли, салоҳиятини ошириш мақсадга мувофиқ. Бунинг учун халқаро тажриба, жумладан, медиа-индустрияга алоҳида урғу қаратиш керак, деб ўйлайман.

Ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида турли соҳа вакиллари, хусусан, хориж журналистларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш лойиҳаси устида ишлаяпмиз. Дастлаб БААда фаолият юритаётган етакчи ахборот агентликлари ходимлари учун махсус пресс-тур уюштиришни режалаштирганмиз. Ташаббусларимизни Туризм қўмитаси қўллаб-қувватламоқда. Меҳмонларни диёримизнинг машҳур, кўҳна шаҳарлари – Самарқанд, Бухоро, Хива ва пойтахт Тошкент билан таништириш, қатор ташкилот, идораларда учрашувлар ўтказиш ҳам БАА, ҳам Ўзбекистон учун жуда фойдали экани шубҳасиз.

Умуман, йирик халқаро анжуманлар ташкил этиб, чет эллик мутахассислар, медиа йўналишидаги экспертларни таклиф қилиш юртимиз медиа-индустриясини тубдан ривожлантириши тайин.

Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек халқини Янги йил байрами билан чин қалбимдан табриклайман. Ҳар бир хонадонда тинчлик, маҳаллаларда ободлик, одамлар кулгусида шодлик, хуррамлик бўлсин.

Абдулазиз Аққулов,

Ўзбекистон Республикасининг

БААдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси,

ЎзА