Руминиянинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Даниэль Кристиан Чобану Янги йил байрами муносабати билан ўзбек халқига табрик йўллади.

Қутлов мурожаатида дипломат ҳамкорлик барча соҳаларда жадал ривожланаётгани, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар икки томонлама алоқани чуқурлаштириш учун янги имконият очаётганини таъкидлаган.

Дарҳақиқат, Руминиянинг Марказий Осиё минтақасидаги устувор манфаати Ўзбекистон билан сиёсат, дипломатия, савдо-иқтисодиёт, маданият ва таълим соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсади билан ҳамоҳанг. Табиийки, диёримизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мавжуд шерикликни кенгайтириш учун янги истиқбол очмоқда.

Элчи 2023 йил Руминия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик учун жуда муваффақиятли йил бўлганини мамнуният ила қайд этиб, якунига етиб бораётган йилни “Руминия ва Ўзбекистон: сиёсий ва дипломатик мулоқот йили” деб атади.

– Жорий йилнинг октябрь ойида Люксембургда Руминия ташқи ишлар вазири Луминита Одобеску ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Баҳтиёр Саидовнинг “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” вазирлар учрашуви доирасидаги мулоқоти энг муҳим воқеалардан бири бўлди, – дейди элчи Чобану. – Руминия Иқтисодиёт, тадбиркорлик ва туризм вазирлиги давлат котиби, Руминия Рақобат кенгаши раҳбарининг мамлакатингизга ташрифи ҳам ҳамкорлигимиздаги муҳим тарихий воқеага айланди.

Иқтисодий соҳадаги ҳамкорлигимиз самарали ривожланди. Маданият, санъат йўналишида Руминия Ўзбекистонда кучли ўрин тутган. Руминия икки томонлама муносабатимиз тарихида биринчи марта Тошкент халқаро Жазз фестивалида, иккинчи маротаба Тошкент халқаро кинофестивалида иштирок этди.

Элчихонамиз халқ дипломатияси бўйича бир қатор муваффақиятли тадбирларда ҳам қатнашди. Ўзбекистонда ҳаво шарида 1 соат давомида 900 метрга парвоз қилганимни ҳамда Пўлатхон платосига 2823 метр кўтарилган биринчи элчи бўлганимни фахр-ифтихор билан айтиб ўтмоқчиман. Келгуси йилдаги асосий мақсадимиз ҳамкорлигимиздаги ижобий тенденцияни давом эттиришдир.

Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек халқини Янги йил билан чин қалбимдан табриклайман. Кириб келаётган янги 2024 йил ҳар бир оилага соғлик-саломатлик, бахт ва фаровонлик олиб келсин. Руминия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик абадий гуллаб-яшнасин!

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА