ФОТОРЕПОРТАЖ
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал –демократик партияси (O’zLiDeP) Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва кўнгилли ёшлар (волонтёрлар) ташаббуси билан Янги йил байрами арафасида хайрия акцияси ташкил қилинди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Ш. Ўтемисов ва O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси С. Турманов барчани байрам билан қутлаб, мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар хусусида алоҳида тўхталди.
Тадбир доирасида “Ўзбекистон махсус олимпиадаси” жамоат бирлашмаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими аъзолари томонидан ясалган турли буюмлар ярмаркаси ташкил этилиб, сотувга қуйилди. Сотувдан тушган пуллар эса ногиронлиги бўлган шахслар саломатлигига фойдали бўлган спорт инвентарларини харид қилиш учун сарфланади.
Хайрия акциясида имконияти чекланган инсонларга ёрдам кўрсатиш бўйича лойиҳа тақдимоти ўтказилди. Имконияти чекланган инсонлар томонидан қизиқарли рақс ва концерт дастурлари, шунингдек, ҳунарманд ва рассомлар иштирокида маҳорат дарслари ташкил қилиниб, унда миллий тақинчоқлар, сувенир буюмлари ва эко сумкалар тайёрлаш жараёнлари амалда кўрсатилди.
Тадбирда фаол қатнашган кўнгилли ёшларга ташкилотчиларнинг ташаккурномалари топширилди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА