Янги йил байрами муносабати билан Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган болалар, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган болалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун берилган Президент совғалари уларга катта хурсандчилик бағишламоқда.
Мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш йўлида божхона органларида хизмат қилиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган мард божхоначиларнинг фарзандлари учун 10 дона “Президент совғаси” Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси раҳбарияти масъуллигида ўз эгаларига етказилди.
Соҳа мутасаддилари божхона тизимида хизмат вазифаларини бажариш чоғида шаҳид бўлган Т.Ордабаев, И.Матекеев, А.Кубейсинов ва А.Баймуратовнинг хонадонларида бўлиб, уларнинг яқинлари ҳолидан хабар олишди. Марҳумларнинг хотирасига Қуръон тиловат қилиниб, уларнинг фарзандларига Юртбошимизнинг совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири