Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида йил сарҳисобига бағишланган “Аёлга эҳтиром”мавзусида тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари Р.Сапарбаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Аҳмедова сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, жамиятимиз ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилаётган эътиборни таъкидлади.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда бу борада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли бугун уларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеи тобора юксалиб бормоқда. Чунки оила таянчи, жамият устуни бўлган оналаримиз, аёлларимиз ҳаётдан рози бўлса, бутун халқимиз ҳаётдан рози бўлади.
Тадбирда турли соҳаларда фидокорона меҳнат қилиб, бошқаларга ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ хотин-қизлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
–Янги йил байрами арафасида камтарона меҳнатимизни муносиб баҳолагани учун миннатдорлик билдирамиз, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Элликқалъа тумани бўлими раҳбари, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Айша Матниязова. –Бугунги кунда хотин-қизларимиз соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, илм-фан, маданият, санъат, саноат ва бошқа соҳаларда самарали меҳнат қилиб, юртимиз ривожига беқиёс ҳисса қўшиб келмоқда. Аёлларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар ижобий самарасини бермоқда.
Тадбир иштирокчилари учун санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари