Янги йил байрами арафасида ва байрам кунлари озиқ-овқат хавфсизлиги ва нарх-наво барқарорлигини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Бош прокурорнинг тегишли фармойиши асосида жойларда мунтазам равишда ўрганишлар ўтказилиб келинмоқда.
Хусусан, Республика прокуратураси ишчи гуруҳи аъзолари томонидан “Нукус деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамияти ҳудудида ташкил этилган арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркасидаги нарх-наволар, бозорда сотувчи ва харидорларга яратилган шарт-шароитлар, тозалик ва санитария меъёрларига риоя қилиш ҳолати ўрганилди.
Озиқ-овқат хавфсизлиги ва бозорларда нарх-наво ошиб кетмаслигининг олдини олиш мақсадида тадбиркорлар билан суҳбатлашилиб, нархларни сунъий оширмаслик, бозорда аҳоли учун қулай шароит яратиш бўйича тушунтиришлар берилди.Қайд этиш жоизки, бозордаги маҳсулотлар нархлари ҳамёнбоп, санитария ҳолатлари қониқарли, шунингдек, байрам кунлари халқимиз учун расталар барча турдаги маҳсулотларга тўла, асосийси, аҳолининг кайфияти юқори даражада.
Шунингдек, байрам арафасида аҳолини ёқилғи энергияси билан таъминлашда узилишлар ва авария ҳолатларининг олдини олиш, аҳоли ва ижтимоий объектларга кўмир маҳсулотларининг ўз вақтида ва етарли даражада етказиб берилиши борасидаги соҳага оид фаолиятлар Республика ишчи гуруҳи, шаҳар ва туман прокуратуралари томонидан қатъий назоратга олинган.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири