Божхона органларига бириктирилган “махсус тоифа”даги эътиборга муҳтож ёшларнинг ҳар бирига қонун доирасида ижтимоий-иқтисодий, психологик амалий кўмак берилиб, мавжуд муаммоларига ечим топилмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасига бириктирилган Хўжайли туманида истиқомат қилувчи Азиза Сарсенбаеванинг кўриш қобилияти пасайиб кетган, “юқори даражали миёпия, иккала кўзининг мураккаб миёпик астигматизми” ташхиси қўйилган эди.
Божхона ходимларининг кўмаги билан Азизанинг иккала кўзида ҳам жарроҳлик амалиёти бажарилиб, унинг кўриш қобилияти тикланди. Махсус тоифадаги ёшларга қаратилаётган эътибор ва шароитлардан унумли фойдаланган Азиза шу йилнинг ўзида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси бўлиш бахтига ҳам муяссар бўлди.
Азизанинг интилишлари ва яратилган имкониятлар самарасидан тўғри фойдалана олганлиги инобатга олиниб, Божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов раҳбарлигида жорий йилнинг 21 декабрида ўтказилган “Ёшлар форуми”да у божхона органларининг қимматбаҳо совғаси “қўл соати” билан тақдирланган эди.
Янги йил байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари О.Кадиров масъул вакиллар билан бирга Азизага мазкур мукофотни тантанали равишда топширди.
Берилган эътибор ва меҳр-муҳаббатдан хурсанд бўлган Азиза ҳукуматимизда махсус тоифадаги ёшлар билан ишлаш тизими йўлга қўйилганлиги ва ушбу тизим доирасида амалга оширилаётган хайрли ишлар учун давлатимиз раҳбари ва мутасадди идораларга ўз миннатдорчилигини билдирди.
Сўнггра масъуллар Хўжайли тумани “Таскўпир” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи махсус тоифага киритилган 9- синф ўқувчиси Ақмарал Худойбергенованинг яшаш хонадонида бўлиб, байрам билан табриклади. Масъул идоралар билан ҳамкорликда унинг пуллик таълим курсларида қатнашишига имконият яратиб берилган эди. Суҳбат жараёнида божхона масъуллари ўқиш жараёнининг бориши ва мавжуд муаммолари билан қизиқишди.
Ёшларга божхона органларининг эсдалик совғалари ҳам тақдим этилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири