Юртдошларимизга Янги йил байрами шукуҳини улашиш мақсадида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги Нукус шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон филиалида даволанаётган беморлар ҳолидан хабар олиб, уларни яқинлашиб келаётган байрам билан табриклашди.
Меҳр-мурувват, саховат улашиш халқимизда аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган олижаноб қадриятлар сирасига киради. Айниқса, байрамлар арафасида эҳтиёжманд оилаларни, шифо излаган беморларни йўқлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш ва мурувват кўрсатиш хайрли анъанага айланган, десак муболаға бўлмайди. Зеро, инсонийлик белгиси саналган меҳру мурувват замирида савоб амаллар мужассамдир.
Қорбобо кийимидаги Нукус гарнизони ҳарбий оркестри ижодкорларининг байрамона куй ва қўшиқлари бемор болажонларнинг қалбини нурга тўлдириб, улар саломатлиги йўлида фидойиларча хизмат қилаётган шифокор ва ҳамшираларга айём шукуҳини улашди.
Ҳарбий хизматчилар орқали тарбияланувчиларга етиб келган Қорбобонинг Янги йил совғалари меҳрга муҳтож қалб эгаларининг кайфиятини кўтариб, уларнинг қувончига янада қувонч қўшди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири