Ўзбекистон Республикаси Президенти “Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришни жадаллаштириш ҳамда илғор рақамли технологияларни жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги «IT-Med» давлат муассасаси тугатилиб, унинг вазифа ва функциялари «Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор – «UZINFOCOM» МЧЖ зиммасига юклатилади.
Ягона интеграторнинг вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:
илғор халқаро тажриба асосида соғлиқни сақлаш тизимида бизнес жараёнларини рақамлаштириш орқали мақбуллаштириш ва соддалаштириш ҳамда бу борадаги механизмларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;
«Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимларининг ягона комплексини жорий этиш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уларнинг бошқа давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминлаш;
тиббиёт ва фармацевтика соҳасида рақамли технологиялар ва коммуникациялар сиёсати ва стандартларини жорий этиш;
соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ахборот тизимларини ривожлантириш ва хорижий молия ташкилотлари томонидан молиялаштириладиган лойиҳаларнинг техник-иқтисодий параметрлари, концепциялари, шунингдек, бошқа лойиҳа ва лойиҳаолди ҳужжатларини ишлаб чиқиш;
белгиланган вазифаларни руёбга чиқариш мақсадида инвесторлар, бизнес ҳамкорлар ва аутсорсинг хизматларини жалб қилишдан иборат бўлади.
«IT-Med» давлат муассасаси томонидан амалга оширилаётган жорий лойиҳалар бўйича, шу жумладан тузилган шартномалар доирасида ҳуқуқ ва мажбуриятлар тўлиқлигича Ягона интеграторга ўтади.
Қарорга мувофиқ, «Рақамли соғлиқни сақлаш ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси доирасида Рақамли соғлиқни сақлаш платформаси ишлаб чиқилади.
Республикадаги барча тиббиёт ва фармацевтика ташкилотлари, шу жумладан дорихоналар мажбурий тартибда босқичма-босқич Платформага уланади.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ахборот тизимлари, ресурслари ва бошқа дастурий маҳсулотларни яратиш ва жорий этиш мажбурий тарзда Ягона интегратор билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
ЎзА