Яна саноқли соатлардан сўнг 2023 йил билан хайрлашиб, янги – 2024 йилни қарши оламиз.

Янги йилнинг илк ойида Қатарда ўтадиган Осиё кубоги баҳслари қитъа яшил майдонлари қатори Ўзбекистон футболига ҳам миллионлар ўйинининг ўзига хос шиддати-ю завқини, голларга бой жозибасини олиб киришидан умидвормиз.

Хўш, 2024 йилги қитъа кубоги ўйинларида терма жамоамиз қандай ўйин намойиш этади. Сречко Катанес етакчилигидаги мураббийлар кенгаши томонидан шакллантирилган жамоа мухлислар ишончини оқлай оладими? Шомуродов гарчи таркибга киритилган бўлса-да, майдонга тушмаслиги терма жамоа ўйин услубига қай тарзда таъсир кўрсатади?

Саволлар кўп. Мушоҳадалар бисёр. Вақт эса бизни тобора Қатар яшил майдонларида бошланажак Осиё кубоги баҳслари сари яқинлаштирмоқда.

Куни кеча Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати Қатарда бошланадиган чемпионатда иштирок этиши мумкин бўлган 28 нафар футболчи қайдномасини эълон қилди. Осиё кубоги низомига асосан мусобақада терма жамоалар 26 нафар футболчи билан қатнашиши белгиланганини инобатга олсак, 2 нафар футболчи таркибда бўлса-да “майдон ташқарисида” қолиши эҳтимолга яқин. Улардан бири Элдор Шомуродов бўлса, иккинчиси айнан кимлигига мураббийлар кенгаши аниқлик киритади.

2024 йилнинг 12 январидан бошланадиган қитъа кубогида иштирок этадиган Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2 январь куни сўнгги тайёргарлик машғулотларида иштирок этиш учун Доҳага йўл олади.

Терма жамоамиз 7 январь куни Фаластинга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Ушбу учрашув мураббийлар келишувига кўра, ёпиқ тарзда ўтказилиши режалаштирилган.

Осиё кубоги ўйинларининг яқин тарихига назар ташланса, Ўзбекистон терма жамоаси 2011 йилги қитъа чемпионатида 4-ўринни эгалалаган бўлса, 2015 йилги чемпионатда ҳамюртларимиз 1/4 финал босқичига қадар етиб борган, 2019 йилги қитъа чемпионатида эса ҳамюртларимизга 1/8 финал бочқичи насиб этганди.

Бу сафар истакларимиз имкониятларимизга мос келармикан? Сречко Катанес бошчилигидаги мураббийлар штаби томонидан ишлаб чиқилган ёки ишлаб чиқилажак ўйин тактикаси Осиё кубогида самара берармикан сингари умидворлигимизни Аббосбек Файзуллаев, Бобир Абдиҳолиқов, Игорь Сергеев, Остон Ўрунов каби маҳоратли футболчиларимиздан иборат терма жамоамиз ўз ўйин услуби, характери, руҳий қуввати билан Қатар майдонларида ҳақиқатга айлантира олишига ишонгимиз келади.

Шу ўринда бир ҳақиқатни айтиш лозим, ўтган 10-15 йиллик нарисидаги миллий терма жамоамиз билан бугунги таркибни, уларнинг жисмоний ва тактик ҳолатини солиштирсак осмон билан ерча фақрни кўриш мумкин. Қолаверса, энг муҳим жиҳатлардан яна бири давлатимиз томонидан футболга, миллий терма жамоаларга, ҳар бир футболчига кўрсатилаётган ғамхўрлик, яратилаётган шарт-шароитларга бугунги кунда унча-мунча терма жамоалар ҳавас қилса арзийди. Эътиборга муносиб бўлиш терма жамоа аъзоларига, мураббийлар кенгашига, ҳар бир футболчига улкан масъулият юклайдики, Қатар футбол майдонларидаги “Осиё футбол спектакли”да Ўзбекистон номи янгича оҳангларда жаранг таратишини қалб қўримиз билан истаб ва кутиб қоламиз.

Эслатиб ўтамиз, Осиё кубогида 24 та миллий терма жамоа иштирок этади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси қитъа кубоги баҳсларида “Б” гуруҳида Австралия, Сурия ва Ҳиндистон жамоалари билан куч синашади. Ҳамюртларимиз Осиё кубогидаги иштирокини 13 январь куни Сурия терма жамоасига қарши ўйин билан бошлайди. Мусобақалар 10 февралга қадар давом этади.

Т. Рўзиев, ЎзА