БМТ бош котибининг ёрдамчиси  Халед Хиари Россиянинг Белгород шаҳрига ҳаво ҳужуми уюштирилгани муносабати билан бўлиб ўтган мажлисда томонларни аҳоли яшаётган манзилларга, фуқаро объектларига ва тинч одамларга қарата зарба бермасликка чақирди.

“Биз Украинада ҳам, Россияда ҳам шаҳарларга ва қишлоқларга зарба берилишини бирдек қоралаймиз. Тинч аҳолига ва фуқаро инфратузилмаларига ҳужум халқаро гуманитар ҳуқуқларни бузади, бунга йўл қўйиб бўлмайди ва дарҳол тўхтатилиши керак”, – деди Хиари.

Ўз навбатида, Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Хавфсизлик кенгашида ғарблик вакилларга мурожаат қилиб, Россия Украинанинг тинч фуқароларини нишонга олмаётганини таъкидлаган. “Биз Украинанинг фақат ҳарбий инфратузилмаларини нишонга олаяпмиз ва тинч фуқароларга қарата атай қурол ўқталмаймиз”, – деган Небензя.

Хабарларга кўра, шанба куни Украина ҳарбийлари Белгород шаҳри марказига ракеталар орқали ҳужум уюштирган. Расмий маълумотларга қараганда, 21 киши, жумладан, уч бола ҳалок бўлган, 110 киши жароҳат олган, улар орасида 17 нафар бола борлиги айтилмоқда. Шунингдек, кўплаб турар-жойлар, болалар боғчалари, ижтимоий объектлар зарар кўрган.

Бир кун олдин оммавий ахборот воситалари жума куни тунда Россия ҳарбийлари Украинанинг кўплаб катта шаҳарлари, жумладан, Киев, Львов, Харьков, Днепр, Сума, Одесса, Запорожье, Черкасс ва Хмельницкийга ракета ва ўзи учар қурилмалар воситасида ҳаво ҳужумини уюштиргани ҳақида хабар тарқатган эди. Зарбалар аҳоли зич бўлган туманларга берилгани айтилган. Натижада 30 га яқин тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган, камида 160 киши жароҳат олган.