Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Риелторлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Лойиҳага кўра, фуқароларга ўзларининг кўчмас мулк объектларини интернет орқали реклама қилиб сотишлари тақиқланмоқда. Бунда ушбу хизмат фақат риелторлик ташкилотлари ва кўчмас мулк бўйича агентлар орқали амалга оширилади.

Янги таҳрирдаги қонуннинг 27-моддасига кўра, жисмоний ёки юридик шахсларнинг кўчмас мулк объектларини реклама қилиш ва эълонлари, шу жумладан бутунжаҳон ахборот тармоғи Интернетда ёки ижтимоий тармоқлар саҳифаларида жойлаштириладиганлари, кўчмас мулк мулкдорлари томонидан фақат риэлторлик ташкилотлари ва кўчмас мулк бўйича агентлар орқали бепул амалга оширилади.

Ушбу қонун лойиҳаси ижтимоий тармоқ фаоллари томонидан кенг танқидларга учраганидан сўнг, Давлат активларини бошқариш агентлиги лойиҳа юзасидан тушунтириш берди.

Давлат активларини бошқариш агентлигининг изоҳ беришича, “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқиш зарурати туғилган. Чунки, кўплаб ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганига қарамасдан, 2010 йилдаги амалдаги қонун замонавий воқеликларга ва риэлторлик фаолияти соҳасидаги ўзгаришларга мос келмайди.

– Қонун лойиҳаси риэлторлик хизматларини кўрсатиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, “соядан” чиқишни рағбатлантириш ва ноқонуний (қора) риэлторлар ва риэлторлик ташкилотлари фаолиятини легаллаштириш, шунингдек, риэлторлик хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳамда ноқонуний риэлторлар томонидан фирибгарлик ҳолатлари авж олишининг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ривожланган мамлакатлар тажрибаси ўрганилди. Бунда АҚШ, Германия ва Францияда риэлторлар лицензияга эга бўлиши мажбурлиги ҳамда риэлторлар фаолияти кўпроқ тартибга солинган Бенилюкс мамлакатларида (Бельгия, Нидерландия ва Люксембург) риэлторлик фаолиятини амалга оширишда лицензияга эга бўлишдан ташқари, ҳар бир агент профессионал ташкилотлардан бирига аъзо бўлиши белгиланган.

Шунингдек, ушбу қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси якунлари бўйича келиб тушган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда қайта ишланади ҳамда ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этилади.

Ш.Маматуропова, ЎзА