Исроил армиясининг Ғазо секторидан “янгиликларни” тарк этишига йўл қўймаслик мақсадида оммавий ахборот воситалари ходимларига ҳужумлари уруш жинояти ҳисобланади.
Бу ҳақда Халқаро журналистлар федерацияси (IFJ) бош котиби ўринбосари Тим Доусон Aанадолу агентлигига маълум қилган.
“Халқаро қонунчилик қуролли кучлар журналистларга тинч аҳоли сифатида муносабатда бўлишини ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун барча имкониятларни ишга солишини талаб қилади. Журналистларни қасддан ўлдириш уруш жиноятидир”, – дея таъкидлади Доусон.
Ғазо секторида кўп сонли журналистлар ўлдирилгани ҳақида гапирар экан, у бу фактни “юракни эзувчи ва қўрқинчли” деб атади.
“Ғазодаги вазият ҳамма учун оғир эканлиги аниқ. Озиқ-овқат, сув, ёқилғи ва бошпана етарли эмас. Минтақадаги жами журналистларнинг етти-саккиз фоизи ҳалок бўлди, уларнинг деярли барчаси оила аъзоларидан айрилди”, – дейди у.
Доусоннинг сўзларига кўра, у исроилликларнинг бундай ҳаракатлари сабабларини аниқ тушунмайди. Бироқ, у Ғазо секторидаги у билан суҳбатлашган журналистлар “ўзларини нишонга айланганига ишонишларини” таъкидлади.
“Журналистлар ўлимининг мутлақо номутаносиблигини ҳисобга олсак, бундай имкониятни инкор этиш қийин. Исроил ва Миср халқаро журналистларни Ғазога киритмаяпти”, – дейди Доусон.
Унинг сўзларига кўра, Ғазо журналистлари “озиқ-овқат, сув кам, ёқилғи йўқлиги ва асосан чодирларда яшаши” билан репортажларини давом эттиришда “ғайриоддий матонат” кўрсатди. “Исроилликлар Ғазодан келаётган хабарларни тўхтатиш учун қўлларидан келган барча ишни қилаётганга ўхшайди», деди Доусон.
Доусон Халқаро жиноий судни “Фаластиндаги журналистларнинг қотилликларини тергов қилишни тезлаштиришга” чақирди.
Ғазо ҳукумати Исроилнинг Ғазо секторида 7 октябрдан бери уюштирган ҳужумларида ҳалок бўлган журналистлар сони 103 нафарга етганини эълон қилди.
ЎзА