Олий Мажлис Сенатининг қирқ саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда.

Мажлисни кириш сўзи билан очган Сенат Раиси Танзила Норбоева мамлакатимиз бўйлаб яқинда нишонланган Конституция байрамига тўхталиб ўтди.

– Бу йилги байрам олдингиларидан мазмун жиҳатидан фарқ қилди, – деди Т.Норбоева. – Боиси, бутун халқимиз бир бўлиб, конституциявий ислоҳотлар амалга оширилди. Миллий тараққиётимизнинг устувор йўналишларини қамраб олувчи ҳамда инсон қадри деган улуғвор тамойилни ўзида жамлаган янгиланган Конституция қабул қилинди. Асосий қонунимиз, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимиз ортга қайтмаслигининг мустаҳкам ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилади. “Ўзбекистон – 2030″ стратегияси эса бошланган ислоҳотларни сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиши, яқин ва ўрта истиқболда мамлакатимизни ривожлантиришнинг устувор мақсадларини белгилаб бергани билан аҳамиятли.

Бундай фаол янгиланишлар шароитида парламент, хусусан Сенатнинг ҳам ўрни ва роли тобора ошиб бормоқда. Сенатда ҳудудлар манфаатлари илгари сурилгани боис, вилоят, шаҳар, туман ва маҳаллаларни ривожлантириш, аҳоли учун янада қулай шароитлар яратиш борасидаги ишлар устидан парламент назорати янгича ёндашувлар асосида амалга оширилмоқда. Яъни, ушбу йўналишдаги фаолият фақат назорат билан чекланмасдан, балки сенаторлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари, ижро органлари ва жамоатчилик бир бўлиб, белгиланган мақсадларга эришишда фаол иштирок этмоқда.

Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, алоҳида режалар (“Йўл хариталари”) ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда. Ишлар ҳолати доимий равишда ё ҳудудда, ёки Сенатнинг ўзида муҳокама қилиб келинмоқда.

– Олиб борилаётган бу каби амалий ишлар барқарор ривожланиш бўйича миллий мақсад ва вазифаларимизга ҳамда мос равишда Глобал барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг эканлигини алоҳида таъкидлашни истардим. Хабарингиз бор, ўтган ойда илк маротаба Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги ҳамда БРМни амалга оширишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича II Глобал форум муваффақият билан ўтказилди. Ойлик ҳамда Форум якунлари билан Тошкент коммюникеси қабул қилинди. Шунингдек, халқаро даражада яна бир ташаббусни, яъни Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари ролини ошириш тўғрисида БМТ резолюциясини қабул қилиш таклифини илгари сурдик. Умид қиламизки, ушбу ташаббусимиз ҳам дунё давлатлари томонидан қўллаб-қувватланади, – деди Сенат Раиси.

Норгул Абдураимова,  

Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА