Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги байрами куни Нукус шаҳридаги “Гоне қала” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 10 та кўп қаватли турар жой биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги билан муборакбод этди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда “Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя асосида халқимиз турмуш даражасини ошириш, улар учун муносиб яшаш шароитини яратиш, аҳолини рози қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги натижасида сўнгги йилларда қабул қилинган фармон ҳамда қарорлар асосида маҳаллаларни обод қилиш, хотин-қизлар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, олий таълим муассасалари учун ёшларга қўшимча квоталар ажратиш каби ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳар бири 42 хонадондан иборат 10 та кўп қаватли турар жой биноси қурилиши учун тижорат банклари томонидан 96,2 миллиард сўм кредит маблағи ажратилди. Ушбу турар жойлардан 20 та хонадон кўзи ожиз ва имконияти чекланган фуқароларга топширилди.
Тадбир иштирокчилари янги хонадонларда яратилган шароитлар билан танишди. Турар жой биноларининг эгаларига топширилиши аҳоли учун байрамга муносиб туҳфа бўлди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири