Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) институти томонидан болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга оид муаммоларни ҳал этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Болалар омбудсманининг янада самарали ишлаши, болалар ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилиниши учун янада мустаҳкам ҳуқуқий асослар зарур. Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бу борада муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур қонун лойиҳасида Болалар омбудсмани фаолияти самарали ташкил этилишига хизмат қиладиган қоидалар ўз аксини топмоқда. Жумладан, парламент мажлисларида Болалар омбудсмани маърузаси ҳар йили эшитилиши кўзда тутилмоқда. Бу ваколат орқали Болалар омбудсмани бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида эътибор қаратилиши зарур бўлган долзарб муаммоларни парламент майдонига олиб чиқади ва уларнинг ечими бўйича таклифлар беради.

Шунингдек, Болалар омбудсманига мансабдор шахсларга қонунчилик бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантириш ва тақдимномалар киритиш ҳуқуқи берилмоқда. Бундай ҳуқуқ Болалар омбудсмани фаолияти таъсирчанлигини оширади, бола манфаатлари бузилишига йўл қўйган ҳар қандай мансабдорга тегишли чора кўрилишига эришиш имконини яратади.

Бундан ташқари, Болалар омбудсманининг Олий Мажлис, Конституциявий суд, Олий суд, Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида иштирок этиш ва масалалар киритиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда. Мазкур ҳуқуқ орқали Болалар омбудсмани парламентда, ижро органларида ва судларда бола ҳуқуқларини махсус ҳимоя қилади, мазкур органлар эътиборини айнан бола манфаати устунлигига қаратади.

Қонун лойиҳасига кўра суриштирув, тергов органлари ва суд вояга етмаганларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки жинсий эркинлигига қарши жиноятларга оид қабул қилган қарор, ҳукм (ажрим)лари тўғрисида Болалар омбудсманини ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Бундай хабардорлик натижасида болаларга қарши жиноят фактлари яширилиши, бундай ишларнинг қонунга зид равишда тугатилиши, тергов қилинмаслиги ёки судда кўрилмаслигининг олди олинади.

Шу билан бирга, қонун билан Болалар омбудсманига вояга етмаган шахс иштирок этган жиноят иши ҳужжатлари билан танишиш ва улардан кўчирма нусхалар олиш, боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тиклаш мақсадида суд жараёнларида иштирок этиш, ҳукм билан танишиб, бола манфаатидан келиб чиқиб, прокуратурага ҳукм устидан протест билдириш ҳақида мурожаат қилиш каби ҳуқуқлар берилмоқда.

Ҳозирда парламентда мазкур қонун лойиҳасини мутасадди идоралар мутахассислари ва илмий жамоатчилик вакиллари иштирокида иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёни кетмоқда. Унинг пухта ва пишиқ бўлиши Болалар омбудсманининг самарали ишлашига хизмат қилади.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА