Маълумки, кўпчилик мамлакатларда кичик ва ўрта бизнес субъектлари инновацияларнинг ва янги иш ўринларини яратишнинг асосий воситасидир. Улар иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга ва бошқа тармоқларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратишга ёрдам беради.

Шу муносабат билан кичик ва ўрта бизнесни қўллаб қувватлаш давлатларнинг асосий вазифаларидан бирига айланган.

Хусусан, сўнгги йилларда мамлакатимизда жамиятимизнинг барча соҳалари каби мазкур йўналишда ҳам бир қатор самарали ўзгаришлар олиб борилмоқда. Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб қувватлашга қаратилган яна бир янгилик Президентимизнинг “Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бўлди. Мазкур қарорда бир қатор муҳим жиҳатлар кўзда тутилган бўлиб, унинг асосий вазифаларидан бири 2024 йилда 2 миллион аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш бўйича тизимни жорий этиш кўрсатилган.

Унга кўра, аҳоли ва тадбиркорларни ўқитиш, лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш ва шу орқали “оилавий тадбиркор – микро бизнес – кичик бизнес – ўрта бизнес” занжири йўлга қўйилади. “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ, “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ ва бошқа ҳамкор тижорат банкларидан иборат яхлит молиявий тизим асосида кичик ва ўрта бизнес лойиҳалари молиявий қўллаб-қувватланади.

Жумладан, оилавий тадбиркорлик дастурига – 10 трлн. сўм, микромолиявий хизматлар оммабоплигини ошириш дастурига – 3 трлн. сўм ва 100 миллион доллар, “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” дастурига – 6 триллион сўм ва 800 миллион доллар ҳамда “Ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш дастури”га – 1,5 трлн. сўм ва 100 миллион доллар ажратилади.

Шунингдек, кичик бизнесга кўмаклашиш марказлари ва Тадбиркорликни ривожлантириш компаниясида ҳамда тадбиркорлик бўйича электрон платформаларда тадбиркорликка ўқитиш, лойиҳаларни молиялаштириш ва барча босқичларда ҳамроҳлик қилиш йўлга қўйилади.

Ушбу мақсадларда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан кичик бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун Бизнесни ривожлантириш банкига жами 300 млн. доллар, шу жумладан 75 миллион доллар банкнинг устав капиталини оширишга ва 225 миллион доллар 15 йил муддатга 5 фоиз ставкада субординар қарз сифатида маблағлар ажратилмоқда.

Шу билан биргаликда яқинда трансформацияга учраган қуйидаги ташкилотларда 2024-2026 йиллар учун кейинги мақсадли кўрсаткичлар (KPI) белгиланмоқда.

Жумладан, Бизнесни ривожлантириш банки 150 минг кичик тадбиркорлар фаолиятини йўлга қўйиш ва кенгайтиришга масъул бўлади ва бунинг учун халқаро молия ташкилотларидан 1,2 миллиард доллар жалб қилинади.

Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси – ўрта бизнесни 2,5 бараварга (10 мингдан 25 мингга) оширишга масъул бўлади ва бунинг учун молиявий хизматлар 8 трлн. сўмдан 14 трлн. сўмга етказилади, 300 миллион доллар евробонд чиқарилади ҳамда 450 та корхонага улуш киритилади ва хизматлар ипотекаси берилади.

Кичик ва ўрта бизнес вакиллари ҳар бир давлатнинг иқтисодий ривожланишида муҳим рол ўйнайди ва ялпи ички маҳсулотнинг ўсишига, ишсизлик даражасини камайтиришга ва аҳоли фаровонлигини оширишга ёрдам беради.

Ушбу мақсадларда шакллантирилаётган янги тизим орқали “оилавий тадбиркор – микро бизнес – кичик бизнес – ўрта бизнес” занжири йўлга қўйилиб, уларни қўллаб-қувватлашда яхлит молиявий тизим шакллантирилади. Шу билан биргаликда ушбу тоифадаги тадбиркорларни бизнес кўникмаларини ошириш мақсадида ўрта ва қисқа муддатли амалий ўқув курслари ташкиллаштирилади.

Гулноза Бобоева, ЎзА