Самарқандда Ўзбекистон Кадастр агентлиги мезбонлигида Фазовий маълумотлар инфратузилмаси бўйича Евроосиё ташаббуси (EuraAsia SDI)нинг навбатдаги конференцияси бошланди.

Анжуманда ташаббуснинг доимий иштирокчилари – Корея Республикаси, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Мўғулистон ва Ўзбекистон кадастр, ер ресурслари идоралари вакиллари билан бирга Россия ва Туркиядан соҳа бўйича мутахассислар, жами қирққа яқин иштирокчи ўз маъруза ва тақдимотлари билан иштирок  этмоқда.

Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Кадастр агентлиги директорининг биринчи ўринбосари А.Аллаберганов, Корея Республикаси миллий географик тадқиқотлар институти директори Во Суг Чо сўзга чиқиб, бу галги тадбирнинг асосий мавзуси, ундан кутилаётган натижаларга тўхталди.

– Геоинформацион тизимлар ерни бошқариш, геология, метеорология, экология, шаҳар ва минтақавий бошқарув, транспорт, иқтисодиёт, мудофаа ва бошқа кўплаб соҳаларда муҳим ўрин тутади, – деди Кадастр агентлиги директорининг биринчи ўринбосари А.Аллаберганов. –  Ишонамизки, бугунги тадбир янги ғоялар ва самарали ҳамкорликни шакллантириш учун асос бўлиб хизмат қилади. Ер ислоҳоти, кадастр ва рақамлаштириш масалалари миллий иқтисодиётга ва фуқароларнинг ҳаёт сифатига бевосита таъсир кўрсатиши шубҳасиздир. Шунинг учун қиёсий билимларни олиш учун кадастр, геодезия, картография ва шерикларимизнинг фазовий маълумотлари соҳасидаги инновацион ечимлар ва ютуқларни ҳисобга олиш муҳимдир.

EuraAsia SDI 2015 йилда Корея республикаси ташаббуси билан етти доимий аъзо давлатдан иборат таркибда ташкил этилган бўлиб, асосий мақсад Кореянинг ривожланаётган давлатлар билан геоахборот тизимлари ва фазовий маълумотларни ривожлантиришда билимлар трансфери ва тажриба алмашиш ҳамда бу борада ҳамкорликда ишлаш ҳисобланади.

– Биз 1995 йилдан буён фазовий инфратузилмадан фойдаланамиз, – дейди Корея Республикаси географик тадқиқотлар миллий институти директори Чо Ву Суг. – Ахборот соҳаси бўйича институционал тузилмалар яратилди, учта қонун қабул қилдик. Ўзимизнинг сунъий йўлдошимиз бор ва ҳар уч ҳафтада фазовий маълумотлар базаси янгиланади. Демоқчиманки, бизда ишончли тизим бор ва уни бошқалар билан баҳам кўришга тайёрмиз.

Шундан сўнг анжуман EuraAsia SDI иштирокчи мамлакатлари геофазовий маълумотларини шакллантиришнинг жорий ҳолати муҳокамасига бағишланган сессия билан давом этди. Унда Ўзбекистон, Беларусь, Тожикистон, Мўғулистон ва Корея Республикаси вакиллари томонидан фазовий маълумотлар инфратузилмасининг жорий ҳолати ва истиқоллари юзасидан тақдимотлар ўтказилди.

– Фазовий маълумотлардан фойдаланиш иқтисодий, ижтимоий ва экологик нуқтаи назардан истиқболли бўлгани, инвестицион муҳитни яхшилашга хизмат қилиши туфайли кейинги йилларда мамлакатимизда ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Кадастр агентлиги директори ўринбосари Мирсаид Мирмақсудов. – Фазовий маълумотлар инфратузилмасини ривожлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Шу пайтгача барча норматив асослар яратилди ва ҳозирда амалий ишларга ўтганмиз. Ташаббусга аъзо давлатлар билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бундан аввал 2018 йилда ҳам мазкур тузилманинг конференцияси ўтказилганди. Бу галги анжуман иқлим ўзгаришлари ва табиий офатлар шароитида фазовий маълумотлардан фойдаланишга бағишланган бўлиб, ушбу йўналишда аъзо давлатлар эришаётган натижаларни таҳлил қилиб, келгусидаги вазифаларни белгилаб олиш режалаштирилган.

– Беш йилдан буён ушбу ташаббусга аъзомиз ва бу биз учун ҳар томонлама фойдали бўлмоқда, – дейди Беларусь Республикаси Кадастр миллий агентлиги геоахборот тизимлари бошқармаси бошлиғи Марина Литреева. – Чунки, бугун фаолиятимизни рақамли технологиялар, замонавий ахборот тизимларисиз тасаввур қила олмаймиз. Шу жиҳатдан фазовий маълумотлар инфратузилмасини ривожлантиришдан барчамиз бирдек манфаатдормиз. Ўзбекистон мезбонлик қилаётган бу йилги тадбирда ташаббусга аъзо ҳар бир давлат инфратузилма бўйича амалга оширган ва айни пайтда олиб бораётган ишлари юзасидан ўз маълумотларини тақдим этмоқда. Бу ўзаро тажриба алмашиш ва келгусидаги вазифаларимизни белгилаб олишда катта аҳамиятга эга бўлмоқда.

Куннинг иккинчи ярмида тадбир иштирокчи давлатлар ўртасида ердан фойдаланиш, картография ва бошқа соҳаларда геофазовий маълумотларни қўллаш бўйича тажриба алмашиш мавзудаги сессия билан давом этди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),

ЎзА мухбирлари