Ҳуқуқий муносабат

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорида субсидияларни уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилани аниқлашда қўлланиладиган ижтимоий мезонлар асосида бериш белгиланган.

Хўш, субсидия қайси мезонлар асосида тақсимланади?

Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов бу борада батафсил тушунтириш берди.

Бу борада, Низомда даромади юқори бўлмаган фуқаро ёки оила қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ аниқланиши мумкин бўлган ўртача ойлик даромадлар миқдори Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,7 бараваридан 8 бараваригача, Тошкент шаҳрида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,7 бараваридан 9,2 бараваригача бўлган оилалар, деб белгиланган.

– Бир нафар қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитининг энг кўп миқдори қандай мақсадларда қўлланилади?  

– Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарорида бир нафар қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитининг энг кўп миқдори қуйидаги мақсадларда қўлланилади.

Хусусан, субсидия дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига ажратилган маблағлар ҳисобидан бирламчи уй-жой бозоридаги квартираларни сотиб олишга ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструксия қилишга ажратиладиган ипотека кредитларининг, ҳудудларда талабгорлар учун Давлат бюджетидан ипотека кредити бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини тўлаб бериш учун ажратиладиган субсидиянинг миқдорларини аниқлашда, деб белгиланган.

– Субсидия қайси ҳудуддаги қурилган уй-жойлар учун йўналтирилади? 

– Қарорда белгиланганидек, субсидия уни тўлашнинг мақсадли параметрларида белгиланган ҳудудда қурилган уй-жойлар учун йўналтирилади. Бунда субсидия фуқаро рўйхатга олинган доимий яшаш жойидаги ҳудуд (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар) доирасида туман (шаҳар) кесимида қайта тақсимланмаган ҳолда фуқароларнинг талабларидан келиб чиқиб ажратилади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга ажратилган субсидия ушбу ҳудуддаги аҳоли томонидан белгиланган тақсимот доирасида туман ёки шаҳардан олиши мумкин, агар қонунчилик ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса.

Тошкент шаҳрида доимий рўйхатга олинган фуқаро субсидия дастури доирасида Тошкент вилоятида қурилган уй-жойларни ипотека кредити асосида сотиб олишга ҳақли. Бунда ипотека кредити Тошкент вилояти учун белгиланган ипотека кредитининг энг кўп миқдори доирасида ажратилади ҳамда бошланғич бадал бўйича субсидия тўлови уй-жой жойлашган туман (шаҳар) молия бўлими томонидан амалга оширилади.

Гулноза Бобоева, ЎзА