Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди. Унда депутатлардан самарали фойдаланиш, сув тежаш бўйича кўрилаётган чоралар, соҳадаги ходимларнинг меҳнат ҳавфсизлигини таъминлаш ҳамда сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги масалани муҳокама қилди.

Кун тартибидаги масала юзасидан депутатларнинг саволларига сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамроев жавоб берди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда сўнгги йилларда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, глобал иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ва иқтисодиёт тармоқларининг ўсиши, уларнинг сувга бўлган талаби йил сайин ошиб бориши туфайли сув ресурсларининг тақчиллиги йилдан-йилга кучайиб бормоқда.

Аҳолини ва иқтисодиётнинг барча тармоқларини сув билан барқарор таъминлаш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув хўжалигига бозор тамойиллари ва механизмларини ҳамда рақамли технологияларни кенг жорий этиш, сув хўжалиги объектларининг ишончли ишлашини таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Соҳада амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган майдонлар 1,2 млн. гектарга етди. Жумладан, 2017-2023 йилларда республика бўйича жами 472 минг гектарда томчилатиб, 48 минг гектарда ёмғирлатиб, 24,6 минг гектарда дискрет, 63,5 минг гектарда бошқа турдаги суғориш технологиялари жорий қилинди.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган жами 51 минг гектар суғориладиган ер майдонлари қайта фойдаланишга киритилди. Ҳар йили сув ресурсларини самарали бошқариш, сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий қилиш, ирригация тадбирларини амалга ошириш, ерларни лазерли текислаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ҳисобидан ўртача 7 млрд. метр куб сув ресусрларини иқтисод қилишга эришилмоқда.

“Ҳукумат соати”да депутатлар сув хўжалиги тизимидаги қўшни давлатлар ҳудудида жойлашган сув хўжалиги давлат ташкилотларида фаолият олиб бораётган ишчи-ходимларнинг мехнат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уларни моддий ва маънавий қўллаб-қуватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам қизиқди.

Мазкур саволга сув хўжалиги вазири томонидан атрофлича маълумот берилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда Қарши магистрал каналидан фойдаланиш бошқармасида 919 нафар ишчи-ходимлар фаолият юритмоқда. Шундан Туркманистон давлати ҳудудида жойлашган сув хўжалиги объектларида 700 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади. Уларнинг мехнат хавфсизлигини таъминлаш учун жорий йилда зарур чора-тадбирлар амалга оширилган.

Шунингдек, Туркманистон давлатида жойлашган сув хўжалиги объектларида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида ойлик иш ҳақларига қўшимча ўртача 40 фоиз миқдорда рағбатлантирилган.

Шу билан бирга, иш вактидаги авария ходисаларининг олдини олиш мақсадида техника хавфсизлиги ва фукароларнинг муҳофазаси юзасидан мунтазам ўкув машғулотлари олиб борилмоқда. Ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, қутқарув жилетлари, химоя каскалари ва ёнғин ўчириш мосламалари ҳамда биринчи ёрдам дори-дармон қутилари билан тўлиқ таъминланган.

Депутатлар соҳада олиб борилаётган ишларни эътироф этиб, бозор иқтисодиёти тамойилларини жорий этиш, давлат-хусусий шериклик тизимини йўлга қўйиш, рақамлаштириш орқали сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида саволлар беришди.

Ш.Ҳамроев таъкидлашича, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021 – 2023 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан уч йил давомида 124 та давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган. Амалда 163 та лойиҳа бўйича хусусий шериклар билан битимлар имзоланди.

Бундан ташқари, бугунги кунда 363 та давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича ишлар олиб борилмоқда. Самарқанд вилоятида Нарпай тумани, Тошкент вилоятида Юқори Чирчиқ тумани, Жиззах вилоятида Дўстлик тумани, Қашқадарё вилоятида Касби ва Нишон туманлари, Сирдарё вилояти Сардоба ва Оқолтин туманилари сув хўжалигининг функциялари тўлиқ хусусий секторга ўтказилиб, белгиланган вазифалар ижроси юзасидан тизимли ишлар давом эттирилмоқда.

Шунингдек, сўнгги уч йил давомида сув хўжалиги объектларида 8 371 та “Ақлли сув”, 6 537 та “Дайвер” қурилмалари ўрнатилиб, 58 та йирик сув хўжалиги объектининг бошқарув жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилди, 1 479 та насос станцияда сув миқдорини онлайн мониторинг қилувчи қурилмалар ўрнатилди.

Савол-жавоб ва муҳокамаларга бой бўлган “Ҳукумат соати”да депутатлар сув ресрусларидан самарали фойдаланиш, сув тежаш бўйича кўрилаётган чораларни янада жадаллаштириш ҳамда сув хўжалиги объектларини модернизация қилишга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар беришди.

ЎзА